Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази делегацияси Ўмон Султонлигига амалий ташрифини бошлади. Ташриф доирасида икки мамлакат ўртасида архившунослик, тарихий меросни асраб-авайлаш ва илмий тадқиқотлар соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
3 ноябрь куни Маскат шаҳрида Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухолиқов бошчилигидаги делегация Ўмон Султонлиги Миллий ҳужжатлар ва архивлар бошқармаси раиси Ҳамад бин Муҳаммад ал-Зувайёний билан учрашди.
Учрашувда Ўзбекистоннинг Ўмондаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Абдусалом Хатамов, Ташқи ишлар вазирлиги вакиллари, шунингдек, Марказ Илмий кенгаши аъзолари — Фанлар академияси вице-президенти Баҳром Абдуҳалимов, Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти ректори Уйғун Ғафуров ҳамда марказ илмий ходими Шорустам Шомансуров иштирок этди.
Мулоқот давомида Ўмон томони Миллий ҳужжатлар ва архивлар бошқармасининг фаолияти, тарихий ҳужжатларни реставрация қилиш, сақлаш, тизимлаштириш ва рақамлаштиришда қўлланилаётган замонавий технологиялар ҳақида маълумот берди. Шунингдек, муассасанинг илмий нашрлари ва китоб тўпламлари намойиш этилди.
Томонлар архившунослик соҳасида тажриба алмашиш, тарихий ҳужжатларни асраб-авайлаш, қўшма илмий-тадқиқот лойиҳаларини амалга ошириш ҳамда Ўзбекистон ва Ўмон ўртасидаги тарихий-маданий алоқаларга бағишланган халқаро конференция ташкил этиш истиқболларини муҳокама қилди.
Ҳамад бин Муҳаммад ал-Зувайёний икки халқнинг тарихий муштараклиги, диний-маънавий мероси, меъморчилик анъаналари ва нумизматика соҳасидаги алоқаларини чуқур ўрганиш зарурлигини таъкидлади.
«Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази минтақанинг бой тарихий, илмий ва маънавий меросини ўрганиш ҳамда уни халқаро миқёсда кенг тарғиб этиш учун катта имкониятлар яратмоқда. Ишонамизки, марказ билан Ўмон муассасалари ўртасидаги ҳамкорлик янги илмий тадқиқотлар, тарихий манбалар алмашинуви ва қўшма кўргазма лойиҳаларини амалга оширишга хизмат қилади», — деди у.
Ўз навбатида, Фирдавс Абдухолиқов халқаро ҳамкорликни кенгайтириш марказ фаолиятининг устувор йўналишларидан бири эканини билдирди.
Унинг сўзларига кўра, Президент Шавкат Мирзиёев топшириғига мувофиқ, марказ фаолиятининг уч йиллик дастурини ишлаб чиқиш бошланган. Ушбу дастурда халқаро илмий ва маданий ҳамкорликни кенгайтириш, хорижий муассасалар билан шериклик алоқаларини мустаҳкамлаш ҳамда қўшма ташаббусларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилган.
«Ўмон Миллий ҳужжатлар ва архивлар бошқармасининг, айниқса, тарихий ҳужжатлар ва қўлёзмалар билан ишлаш борасидаги тажрибаси ушбу дастур доирасида муҳим аҳамият касб этади», — деди марказ директори.
Ташриф давомида Ўзбекистон делегацияси Ўмон Миллий ҳужжатлар ва архивлар бошқармасининг ихтисослаштирилган бўлинмалари фаолияти билан ҳам танишди.
Хусусан, тарихий ҳужжатларни зарарсизлантириш, реставрация қилиш ва сақлаш жараёнлари, архив материалларини муҳофаза этишда қўлланиладиган махсус ускуналар ҳамда замонавий технологиялар намойиш қилинди.
Делегация аъзоларида тарихий ҳужжатларга зарар етказиши мумкин бўлган замбуруғлар, бактериялар ва ҳашаротларга қарши ишлов беришга ихтисослашган бўлим фаолияти алоҳида қизиқиш уйғотди.
Бошқарманинг етакчи мутахассиси Фаҳд бин Муборак ал-Дамдамий ўзбекистонлик мутахассислар учун амалий стажировкалар ташкил этишга тайёрлигини билдирди. Унинг таъкидлашича, архив меросини сақлашда замонавий лаборатория технологиялари ва мутахассисларнинг касбий тайёргарлиги муҳим аҳамиятга эга.
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази делегациясининг Ўмон Султонлигига амалий ташрифи давом этмоқда.






