Президент Шавкат Мирзиёев Бухоро вилоятига ташрифи давомида Вьетнамнинг "ROX Group" компанияси томонидан Ўзбекистонда амалга оширилиши режалаштирилган инвестиция лойиҳалари тақдимоти билан танишди.
Тақдимотда компания томонидан Бухорода иккита, Тошкент шаҳрининг Учтепа тумани ва Самарқандда биттадан — жами тўртта шаҳарсозлик лойиҳасини амалга ошириш режалаштирилаётгани маълум қилинди.
Ушбу лойиҳаларнинг умумий майдони 285 гектарни, инвестиция ҳажми эса 4,5 миллиард долларни ташкил этади. Мажмуалар жами 115 минг нафар аҳолига мўлжалланган.
Хусусан, Бухоро туманида 65 гектар, Бухоро шаҳрида эса 25 гектар майдонда янги турар жой массивлари қурилиши бошланган. Уларда 30 минг нафар аҳоли учун кўп қаватли уйлар, меҳмонхоналар, бизнес марказлари, савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчалари, шунингдек, кўнгилочар масканлар барпо этилиши кўзда тутилган.
Учтепа туманидаги лойиҳа замонавий шаҳар муҳитини яратишга қаратилган. Самарқандда эса мавжуд сайёҳлик мажмуаси атрофидаги инфратузилмани кенгайтириш режалаштирилган.
Бундан ташқари, вьетнамлик инвестор Жиззах вилоятининг Зомин туманида саноат зонасини ташкил этиш ташаббусини ҳам илгари сурган.
Давлат раҳбари тақдим этилган лойиҳалар концепцияларини маъқуллаб, уларда замонавий шаҳарсозлик ечимларини қўллаш муҳимлигини таъкидлади. Масъулларга зарур инфратузилма ва лойиҳаларни амалга ошириш механизмларини инвесторлар билан ҳамкорликда пухта ишлаб чиқиш бўйича топшириқлар берилди.






