Президент Шавкат Мирзиёев пойтахтимизнинг Бектемир туманига ташрифи чоғида Ийкота маҳалласида бўлиб, қурилиш ва ободонлаштириш ишлари билан яқиндан танишди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Бу ердаги 37 та кўп қаватли уй ва 1 минг 400 та ҳовлида 6 мингга яқин аҳоли истиқомат қилади. Мамлакатимизда маҳаллабай амалга оширилаётган манзилли ишлар Ийкотада ҳам ўз натижасини бермоқда. Янги кўп қаватли уйлар қурилган. Йўлаклар ва ички кўчалар таъмирланган. Майдончаларга гул ва майсалар экилган.
Ўтган йили уч қаватли маҳалла идораси фойдаланишга топширилган эди. Энди давлат бюджети ҳисобидан 358-умумтаълим мактаби қурилди. Президентимиз ушбу янги муассасани кўздан кечирди.
Таълим тизимига бўлаётган эътиборнинг ёрқин ифодасини бу ерда ҳам кўриш мумкин. Қарийб минг ўринли мактабда фан хоналари, компьютер ва хорижий тил хоналари, робототехника тўгараги, лаборатория зарур ўқув жиҳозлари билан таъминланган. Кутубхона, спорт зали, футбол майдони ва ошхона болалар учун кенг қулайликлар яратилган.
Педагоглар билан мулоқот чоғида болаларнинг қобилиятини тўғри шакллантириш, касбий таълимни ривожлантириб, битирувчиларни касб-ҳунарли қилиб ҳаётга йўллаш муҳимлиги таъкидланди. Хусусан, ахборот технологиялари, робототехника, муҳандислик каби йўналишларни кенгайтириш, ўсмирларда ҳарбий-ватанпарварлик руҳини кучайтириш вазифалари кўрсатиб ўтилди.
Маҳалладаги янги уйларнинг биринчи қаватларида иккита хусусий боғча ташкил этилган. Улар Наврўз арафасида очилгани ота-оналар учун байрамона туҳфа бўлди.
Ички имкониятларни ишга солиб, аҳоли бандлигини таъминлаш тамойили бу маҳаллада ҳам намоён. 70 та савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчаси, 2 та ишлаб чиқариш корхонасида кўпчилик рўзғор тебратаяпти. Президентимиз фармойиши билан эълон қилинган долзарб бир ойлик доирасида томорқадан унумли фойдаланиш, қишлоқ хўжалиги экинлари экиш қизғин давом этмоқда.
“Атроф-муҳитни асраш ва “яшил иқтисодиёт” йилида кўчат экиб, яшиллик яратиш кўлами кенгайди. Пойтахтимизнинг Бектемир туманида яна бир боққа асос солинди.
Президентимиз давлат ташкилотлари ва жамоатчилик вакиллари билан бирга бу ерда кўчат экди.
Ийкота, Мажнунтол, Зилола, Роҳат ва Иқбол маҳаллалари орасидаги бу ҳудуд аввал қаровсиз жой эди. Элнинг бирлиги билан яна бир яшил макон, аҳоли ҳордиқ чиқарадиган парк пайдо бўлмоқда. Уч гектарлик ҳудудга ўрмон концепцияси асосида уч минг туп дарахт ва бута кўчатлари экилди. Уларнинг суғорилиши ва парваришига масъуллар бириктирилди.
Маҳалла фаоллари, нуронийлар ва ёшлар билан самимий мулоқот бўлди. Давлатимиз раҳбари жамоатчилик вакилларига ушбу хайрли ташаббусга ҳисса қўшаётгани учун миннатдорлик билдирди. Барчани кириб келаётган Наврўз байрами билан табриклади.
Президент фармойиши билан эълон қилинган долзарб бир ойлик доирасида маҳаллаларда деҳқончилик ва ободонлаштириш ишлари сафарбарлик билан олиб борилмоқда.
Баҳорда 125 миллион туп кўчат экилиши мўлжалланган. Бунда экин жойларини тўғри танлаш, суғоришни яхшилашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Янги боғда экилган кўчатлар ана шу эзгу амалнинг давоми бўлди.
“Атроф-муҳитни асраш ва “яшил иқтисодиёт” йили давлат дастурига мувофиқ, бу йил кўчатчиликка ихтисослашган 18 та ўрмон хўжалиги ташкил қилинади. Уларда “илм-лойиҳа-амалиёт” тамойили асосида генетик селекция ишлари кучайтирилиб, плантациялар кенгайтирилади. “Яшил олам” платформаси ишга туширилиб, кўчатларни онлайн сотиб олиш йўлга қўйилади.