Кадастр агентлиги Тошкент шаҳар бошқармаси ходимлари томонидан 2025 йилнинг 1 март ҳолатига пойтахт ҳудудида амалга оширилган ер ва кадастр назорати тадбирлари натижасида 737 та ҳолатда 10,5 гектар ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш бўйича ҳуқуқбузарликлар аниқланди. Бу ҳақда Кадастр агентлиги Тошкент шаҳар бошқармаси бошлиғи ўринбосари Шиддатбек Абдуғаффоров маълум қилди.
Шундан аҳоли пункти ерларида 734 та, саноат, транспорт, алоқа мудофаа ва бошқа мақсадларга мўлжалланган ерларда 2 та ва сув фонди ерларида 1 тақонунбузарлик ҳолати қайд этилди.
Таҳлилларга кўра, ерга оид энг кўп ҳуқуқбузарлик Сергели (91 та ҳолатда 2,4 гектар), Яшнобод (83 та ҳолатда 0,6 гектар), Учтепа (75 та ҳолатда 2,6 гектар), Юнусобод (71 та ҳолатда 1,1 гектар) ва Олмазор туманлари (70 та ҳолатда 0,8 гектар) ҳиссасига тўғри келади.
Умуммиллий бойликка нисбатан ғайриқонуний муносабатда бўлган ҳуқуқбузарлар билан олиб борилган тушунтириш ишлари, берилган ёзма кўрсатмалар асосида 457 та ҳолатда 3,8 гектар ер қонунбузилиш ҳолати фуқаролар томонидан ихтиёрий равишда бартараф этилиб, ўзбошимчалик билан эгалланган ер майдони аслҳолатига қайтарилди.
Ўзбошимчалик билан эгалланган 1,6 гектар ер майдонларида қурилган ноқонуний қурилмаларни буздириш юзасидан судларга 83 та та даъво аризалари киритилди. Ҳуқуқбузарлик ҳолатида жиноят аломатлари мавжуд бўлган 11 та иш материали ўрнатилган тартибга мувофиқ прокуратура органларига киритилди.