АсосийЖамият

Бойсундаги “М-25” конида водород сулфидининг отилиши юз берди

Табиатга зиён етказмаслик ва ҳаво ифлосланишининг олдини олиш мақсадида қудуқ ёқиб қўйилди.

'Бойсундаги “М-25” конида водород сулфидининг отилиши юз берди'ning rasmi

Кеча, 27 март куни тахминан соат 21:00 атрофида Сурхондарё вилояти Бойсун туманидаги “Мустақилликнинг 25 йиллиги” (“М-25”) газ конига қарашли 202-сонли қудуқда 27-март куни тахминан соат 21:00 атрофида водород сулфидининг “назорат остида ажралиб чиқиши” содир бўлди. Бу ҳақда  Энергетика вазирлиги матбуот хизмати маълум қилди.

Қайд этилишича, табиатга зиён етказмаслик ва ҳаво ифлосланишининг олдини олиш мақсадида қудуқ ёқиб қўйилган. Ҳодиса оқибатида ҳеч ким жабрланмаган. Мазкур қудуқ ўтган йилнинг 1-сентябрида техноген авария содир бўлиб, сулфидли газ сизишига сабаб бўлган қудуқ эмас. У қудуқнинг рақами 604 эди. Ушбу обектда консервация ишлари давом этмоқда.

Энергетика вазирлиги хабарида айтилишича, воқеа жойига зудлик билан Фавқулодда вазиятлар вазирлиги бригадаси, шунингдек, ишларни ташкил этиш учун Энергетика вазирлиги ва бошқа ташкилотлар ходимларидан тузилган махсус штаб вакиллари етиб борган.

“Айни пайтда керакли барча чора-тадбирлар зарур техника ҳамда ускуналардан самарали фойдаланилган ҳолда олиб борилмоқда. Хавфсизликни таъминлаш бўйича кучайтирилган чоралар кўрилмоқда. Юзага келган мазкур ҳолат аҳоли ва яқин атрофдаги ҳудудларга ҳеч қандай хавф туғдирмайди”, — дейилади вазирлик хабарида.

“Жараён Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, „Саноатконтехназорат“ давлат инспекцияси ҳамда Очиқ нефт ва газ фаввораларнинг олдини олиш ва бартараф этиш бўйича Ўзбекистон ҳарбийлаштирилган қисми мутахассислари томонидан тўлиқ назорат остига олинган”, — дея қўшимча қилинади вазирлик маълумотида.

Таъкидланишича, “М-25” газ конини ўзлаштириш жараёни ўзига хос мураккабликка эга бўлиб, бу ерда халқаро тажрибадан фойдаланиб, кучайтирилган назорат чоралари амалга оширилмоқда.

    Бошқа янгиликлар