АҚШнинг Сиэтл шаҳрида Ўзбекистон вакиллари Microsoft, Meta каби йирик технология компаниялари мутахассислари, университетлар ва инвесторлар билан сунъий интеллект соҳасидаги ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилди.

30 октябрь куни Ўзбекистоннинг Вашингтон штатидаги Бош консулхонасида ўтказилган форумда қарийб 60 нафар вакил иштирок этди. Унда ёшларни халқаро технология компаниялари иштирокида ўқитиш, ўзбек стартапларини хорижий бозорларга олиб чиқиш ва сунъий интеллект инфратузилмасини ривожлантириш масалалари кўтарилди.


Муҳокамаларда Сиэтл ва Тошкент ўртасида рақамли шаҳар бошқаруви бўйича тажриба алмашиш, сунъий интеллектни қишлоқ хўжалиги, сув тежаш ва шаҳар хизматларида қўллаш имкониятлари ҳам кўриб чиқилди.

Форум якунида Ўзбекистон Бош консулхонаси ва Жаҳон рақамли технологиялар академияси ўртасида сунъий интеллект ва технологиялар соҳасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Ҳужжат таълим лойиҳалари, киберхавфсизлик ва маълумотларни ҳимоя қилиш бўйича ҳамкорликни назарда тутади.






