АсосийДунё

Қирғизистонда масжидлар сонига чеклов киритилиши мумкин

2021 йилдан бошлаб мамлакат ҳудудида илгари қурилган, бироқ рўйхатдан ўтмаган диний объектларни ҳисобга олиш бўйича кампания бошланган.

'Қирғизистонда масжидлар сонига чеклов киритилиши мумкин'ning rasmi

Қирғизистон ҳукумати аҳоли пунктларида масжидлар, ибодатхоналар, черковлар ва бошқа диний объектлар сонини чеклашни режалаштирмоқда. Бу ҳақдаги ҳукумат қарори лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига тақдим этилди.

Қирғизистон Диний ишлар бўйича давлат комиссияси маълумотига кўра, 2021 йилдан бошлаб мамлакат ҳудудида илгари қурилган, бироқ рўйхатдан ўтмаган диний объектларни ҳисобга олиш бўйича кампания бошланган. Ушбу кампания давомида рўйхатдан ўтмасдан фаолият юритаётган 644 диний объект аниқланган.

“2023 йил бошига келиб, яна 200 дан ортиқ қурилаётган диний объектлар аниқланган. Шу билан бирга, ҳар куни маҳаллий давлат бошқармалари ва ўзини ўзи бошқариш органларига диний объектларни қуришни якунлаш учун молиявий ёрдам сўраб мурожаатлар оқими ортиб бормоқда. Қурилиш ишлари аҳоли эҳтиёжини объектив ҳисобга олмаган ҳолда олиб борилмоқда – баъзида битта аҳоли пунктида 10 тагача диний объект фаолият юритмоқда, улар бир-бирига жуда яқин жойлашган бўлади”, дейилади хабарда.

Шу муносабат билан аҳоли пунктларида диний объектлар сонининг юқори чегарасини белгилаш зарурати туғилганини таъкидлайди идора.

Ҳукумат қарори лойиҳасига кўра, бундай биноларни лойиҳалашда қуйидаги меъёрларга амал қилиш таклиф этилмоқда:

  • қишлоқларда улар орасидаги масофа камида 2 километр бўлиши керак;
  • қишлоқ бирликларида камида 3 километр;
  • шаҳарларда эса камида 4 километр.

Агар лойиҳа маъқулланса, ушбу меъёрлар аллақачон қуриб битказилган диний объектларга татбиқ этилмайди.

    Бошқа янгиликлар