АсосийЖамият

Россияда оилавий зўравонликка учраган аёл болалари билан Ўзбекистонга қайтарилди

Она Екатеринбург шаҳрида вақтинча яшаётган қизи ва унинг болаларини турмуш ўртоғининг зулмидан озод қилиш ва доимий яшаш манзилига етиб олишига амалий ёрдам беришни сўраб мурожаат қилган.

'Россияда оилавий зўравонликка учраган аёл болалари билан Ўзбекистонга қайтарилди'ning rasmi

Россиянинг Екатеринбург шаҳрида оилавий зўравонлик қурбони бўлган аёл ва унинг вояга етмаган фарзандларига Ўзбекистон Бош консулхонаси ходимлари томонидан  амалий ёрдам кўрсатилди. Бу ҳақда “Дунё” ахборот агентлиги хабар берди.

Бош консулхона маълумотларига кўра, жорий йилнинг 1 апрель куни Ўзбекистон фуқароси М.Т. Екатеринбург шаҳрида вақтинча яшаётган қизи ва унинг болаларини турмуш ўртоғининг зулмидан озод қилиш ва доимий яшаш манзилига етиб олишига амалий ёрдам беришни сўраб мурожаат қилган.

Мазкур оила 2024 йил январь ойида Екатеринбург шаҳрига ишлаш мақсадида борган. Оиладаги келишмовчиликлар, доимий тазйиқ ва уруш-жанжал аёлга жиддий руҳий таъсир кўрсатган. Бош консулхона ходимлари ушбу оила яшаётган хонадонда бўлиб, мавжуд ҳолат билан яқиндан танишган.

Шундан сўнг, аёл ва унинг болалари вақтинча уй-жой билан таъминланган. Уларнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатлари яроқсиз ҳолга келгани ва молиявий қийин аҳволда қолгани учун ватанга қайтиш гувоҳномаси ҳеч қандай тўловлар ундирилмасдан расмийлаштирилган. Шунингдек, Екатеринбург-Самарқанд авиақатновига чипта харид қилиб берилган.

Билдирилишича, улар 8 апрель куни Екатеринбург шаҳридаги “Кольцово” халқаро аэропортидан Самарқанд вилоятига кузатиб қўйилган.

    Бошқа янгиликлар