Ўзбекистон Қирғизистон билан чегарада савдо-саноат зоналари ташкил этишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев 16 апрель куни бўлиб ўтган йиғилишда маълум қилди.
Ҳар йили Андижондан Қирғизистонга 200 млн долларлик экспорт амалга оширилмоқда. Қўрғонтепа ва Хўжаободда ҳам худди Афғонистон чегарасидаги каби эркин савдо ва саноат зоналари ташкил этиш муҳимлиги таъкидланди.
Шавкат Мирзиёев тадбиркорлар билан маслаҳатлашиб, ҳудудлардан бирини танлаб, лойиҳанинг мастер-режасини тайёрлаш бўйича топшириқ берди. Унинг таъкидлашича, эркин ҳудуд Афғонистон билан чегарадаги каби ташкил этилиши мумкин.
У Хўжаободдаги "Дўстлик" назорат-ўтказиш пунктидаги вазиятни ҳам муҳокама қилди. Президент тирбандликлар кўплигидан аҳоли ва ташувчилар норози эканини таъкидлаб, мутасадди идораларга бунинг сабабларини тезкор ўрганиб, таклиф киритиш бўйича кўрсатмалар берди.
Йиғилишда давлат раҳбари "Ўзбекистон — Қирғизистон — Хитой" темирйўли қурилиши лойиҳасига ҳам тўхталиб ўтди. Президент бу йўлнинг ишга туширилиши юк ташиш муддатини бир ҳафтага, масофани минг километрга қисқартириш, юк ташиш ҳажмини 10 баробарга ошириш имконини беришини таъкидлади.
"Лекин ички темирйўл тармоқларимиз, божхона пунктлари, станциялар бу юкни қабул қилиш ва ўтказишга қанчалик тайёр?"— дея сўраган Шавкат Мирзиёев мутасаддиларга бу борадаги ҳисоб-китобларни қилиб, амалга ошириладиган ишлар бўйича дастур тайёрлашни топширди.