АсосийЖАМИЯТ

Эколог олимлар ҳаво ифлосланишининг сабабларини тушунтирди

Рақамлар нима демоқда?

'Эколог олимлар ҳаво ифлосланишининг сабабларини тушунтирди'ning rasmi

Сўнгги кунларда ҳаво сифатининг кескин ёмонлашуви яна жамоатчилик эътибори марказида бўлмоқда. Бироқ экологларнинг таъкидлашича, муаммо фақат Ўзбекистон пойтахтига тааллуқли эмас, балки бутун минтақага тарқалган. Экология ва иқлим ўзгариши қўмитасида миллий ва халқаро кузатувлар маълумотлари асосида юзага келган вазият сабаблари батафсил таҳлил қилинди.

Рақамлар нима демоқда?

Мониторинг маълумотларига кўра, 26 октябрь куни Марказий Осиёнинг 8 та йирик шаҳридан 6 тасида ҳаво сифати индекси (AQI) 100 бирликдан иборат чегарадан ошган.

Бишкекда бу кўрсаткич 160 гача кўтарилган. Шаҳар ҳаво ифлосланиши даражаси бўйича жаҳон антирейтингида тўртинчи ўринни эгаллаган. Тошкентда индекс 157 га, Чимкентда 149 га, Душанбе ва Қарағандада эса 134 га етган. Қўшни Қозоғистонда ноқулай метеорологик шароит кузатилган шаҳарлар сони бир неча кун ичида тўрттадан ўнтагача ошган.

Тошкентда ўртача кунлик индекс атиги беш кун ичида 76 фоизга — 21 октябрдаги 93 пунктдан 26 октябрда 164 пунктгача кўтарилган.

Шу билан бирга, ифлосланишнинг энг юқори чўққиси тунги соатларга тўғри келган. Сўнгги ойда соат 23:00 да ўртача кўрсаткич 119 га етган бўлса, соат 17:00 да бу кўрсаткич 82 атрофида сақланган.

Бир-биридан юзлаб километр масофада жойлашган шаҳарларда атмосферанинг бир вақтда хиралашиши муаммонинг асосий сабабларидан бири минтақавий миқёсдаги атмосфера жараёнлари эканини кўрсатади.

Антициклон ва ҳарорат инверсияси

Октябрь ойининг учинчи ўн кунлигида Марказий Осиё ҳудуди устида кам ҳаракатланувчи антициклон шаклланган. Шамолсиз об-ҳаво, ёғингарчиликнинг йўқлиги ва кучли ҳарорат инверсияси ҳавонинг табиий айланишини тўсиб қўйган.

Бу жараённинг физик моҳияти шундаки, илиқ ҳаво қатлами совиган ер юзасини зич қопқоқ сингари қоплаб олади. Натижада атмосферанинг вертикал алмашинуви тўхтайди.

Бундай шароитда, ҳатто ташламалар ҳажми амалда ошмаган тақдирда ҳам, PM2.5 майда заррачаларининг концентрацияси кескин ортиши мумкин. Чунки автотранспорт газлари, иситиш тизимларидан чиқадиган тутун, саноат чиқиндилари ва ҳавода муаллақ ҳолдаги чанг ерга яқин қатламда тўпланиб қолади.

Табиий чанг ва инсон фаолияти таъсири

Марказий Осиё Қорақум ва Қизилқум чўллари, шунингдек, Орол денгизининг қуриб қолган тубини қамраб олган кенг қурғоқчил минтақа ҳисобланади. Чанг оқимлари давлат чегараларини осонлик билан кесиб ўтади. Шу боис трансчегаравий чанг кўчиши муаммосини фақат битта шаҳар доирасида ҳал этиб бўлмайди.

Тошкентнинг Олмазор, Юнусобод ва Мирзо Улуғбек туманларидан олинган ҳаво намуналарининг лаборатория таҳлили PM2.5 заррачалари билан ифлосланиш манбаларининг қуйидаги нисбатини кўрсатган:

 39,7 фоиз — чўлларнинг табиий минерал чанги;

 42,6 фоиз — ёниш жараёнлари, жумладан, транспорт, саноат ва энергетика тизимлари билан боғлиқ манбалар.

Фаол чанг бўронлари даврида пойтахт ҳавосидаги табиий омил улуши 64 фоизгача, айрим намуналарда эса 78 фоизгача кўтарилган.

Йиллик кўрсаткичлар ва мониторинг тизими

Экология қўмитаси ифлосланишнинг қисқа муддатли ўсишини умумий йиллик динамикадан алоҳида баҳолаш зарурлигига эътибор қаратмоқда.

Жорий йилнинг январь ойидан 19 октябригача бўлган даврда Тошкент ҳавосидаги PM2.5 заррачалари миқдори ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 28 фоизга, PM10 заррачалари эса 32 фоизга камайган. Октябрь ойида ҳаво сифатининг ўртача индекси ҳам 124 дан 104 гача яхшиланган.

Ўз вақтида назорат олиб бориш мақсадида Ўзбекистонда кузатув тармоғи кенгайтирилган. Айни пайтда миллий платформага 28 та автоматик мониторинг станцияси уланган. Уларнинг маълумотлари мутахассисларга узатилади ва реал вақт режимида жамоатчилик учун очиқ тақдим этилади.

Вазиятни яхшилаш учун нима қилиш керак?

Мутахассисларнинг таъкидлашича, иқлим ўзгариши, қурғоқчилик ва тупроқ намлигининг пасайиши чанг бўронлари ҳамда ҳаво алмашинуви сусайиши ҳолатларининг тез-тез кузатилишига сабаб бўлмоқда.

Шу муносабат билан қуйидаги чоралар асосий вазифалар сифатида белгиланмоқда:

Чанг кўчишини биргаликда прогноз қилиш мақсадида Марказий Осиё давлатларининг гидрометеорология хизматлари ўртасидаги минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва тезкор маълумот алмашинувини йўлга қўйиш.

Ҳарорат инверсияси ҳодисаларини олдиндан прогноз қилиш ва аҳолини тезкор хабардор этиш.

Транспорт, қозонхоналар ва заводлардан чиқадиган ташламаларни режали равишда камайтириш, энергия самарадорлигини ошириш.

Қурилиш майдонларида чангни босиш чораларини қатъий назорат қилиш ва ўсимлик қопламидан маҳрум бўлган очиқ ер майдонларини кенг кўламда кўкаламзорлаштириш.

Ҳаво йўлакларини сақлаб қолган ҳолда шаҳарсозликни тўғри ва оқилона режалаштириш.

Олимларнинг асосий хулосасига кўра, об-ҳаво шароити экологик вазиятни бир неча баробар кескинлаштириши мумкин. Бироқ аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш учун инсон фаолияти билан боғлиқ ифлосланиш юкини камайтириш ва минтақавий ҳамкорликни кучайтириш муҳим аҳамият касб этади.

 

    Бошқа янгиликлар