Кеча, 15 апрель куни Бухоро вилояти Олот туманида жойлашган 28-мактабнинг 3-синф ўқувчиси қудуққа тушиб кетиб, вафот этди. Бу ҳақда darakchi.uz сўровига асосан Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов маълум қилди.
Билдирилишича, кеча, 15 апрель куни соат тахминан 14:00 лар атрофида Олот туманидаги 28-мактабнинг 3-синф ўқувчиси мактаб ёнидаги қўшни хонадон ҳовлисида жойлашган эски қудуққа эҳтиётсизлик оқибатида тушиб кетган ва қиз вафот этган. Уни қутқаришга уринган мактаб қоровули ҳам мазкур қудуққа тушиб кетиб, аҳволи оғирлашиб, туман тиббиёт бирлашмасига ётқизилган.
Қайд этилишича, воқеа жойига масъул ходимлар ва бошқа тезкор-тергов гуруҳи аъзолари чиқиб ўрганган.
“Ҳодиса содир бўлган жой кўздан кечирилиб, қудуқ ичида жойлашган қора рангли ботқоқ суюқлигидан намуна олинди, туман тиббиёт бирлашмасида мурда ташқи кўздан кечирилиб, суд-тиббий экспертизаси ўтказилди”, дейилади Ҳаёт Шамсутдинов тақдим этган ахборотда.