Олтин нархи тарихда илк бор бир унсия учун 3400 доллардан ошди. Чикаго товар биржасидаги (CME) савдоларда июнь фьючерслари котировкалари 2,19 фоизга ўсиб, бир унсия учун 3401,3 долларга етди.
Маълум қилинишича, олтин АҚШ долларининг янада заифлашиши ва савдо уруши хавотирлари фонида қимматлашмоқда. АҚШ президенти Дональд Трамп томонидан бошланган савдо уруши бозорларни мувозанатдан чиқариб, хавфли активларга бўлган талабни пасайтирди. Бу эса хавфсиз актив ҳисобланган олтинга сармояни оширди.
Долларнинг DXY индекси 1,29 фоизга пасайиб, 98,234 пунктни ташкил этди. Бу 2022 йил 31 мартдан бошлаб уч йилдан ортиқ вақт давомида кузатилган минимал даражадир. USDХ — АҚШ долларининг бошқа олтита асосий валютага нисбатан қийматини кўрсатадиган индекс.
Трамп Федерал захира тизими раиси Жером Пауэллни ишдан бўшатиш имкониятини кўриб чиқаётгани ҳақидаги хабар ҳам олтин бозорига таъсир кўрсатди.
Пауэллнинг лавозимдан олиниши нафақат Марказий банк мустақиллиги тамойилини заифлаштиради, балки АҚШнинг пул-кредит сиёсатини сиёсийлаштириш хавфини туғдиради. Бу эса бозорлар учун хавотирли сигнал бўлиши мумкин, деди Oversea-Chinese Banking Corp. стратегисти Кристофер Вонг.
У агар Федерал резерв тизимига бўлган ишонч сўроқ остига қўйилса, бу долларга нисбатан ишончни ҳам заифлаштириб, олтин каби хавфсиз активларга оқимни тезлаштириши мумкинлигини айтди.