Унинг доирасида ижтимоий ҳимояга муҳтож, камбағаллик реестрига киритилган аҳоли орасида касалликларни эрта аниқлаш ва беморларни яшаш ҳудудининг ўзида давлат ҳисобидан соғломлаштириш чоралари кўриляпти.
Эътиборли жиҳати, ушбу акцияда Қувайт давлатининг “Ал-амал” халқаро жарроҳлик гуруҳи ҳам ўз инсонпарварлик миссияси билан иштирок этмоқда. Бу — икки давлат раҳбарлари томонидан йўлга қўйилган ва тобора мустаҳкамланиб бораётган ўзаро дўстона ҳамкорлик алоқаларининг амалий натижасидир.
Юртимизга ташриф буюрган 40 нафардан зиёд энг малакали хорижлик мутахассислар ҳозиргина Нукус шаҳрига етиб келди.
“Ал-амал” халқаро жарроҳлик гуруҳи бир ҳафта мобайнида Қорақалпоғистон Республикасида бўлади.
Шу аснода Оролбўйи минтақасида жойлашган туман ва шаҳарларда ижтимоий ҳимоя реестрига киритилган, шу жумладан, юқори технологик жарроҳлик амалиётини ўтказишга муҳтож 300 нафарга яқин болалар, аёллар ва эркаклар соғломлаштирилади.
Хусусан, бу ерда тиббиётнинг ўнлаб йўналиши бўйича хайрия тарзида бажариладиган операциялар Республика шошилинч ёрдам илмий маркази, Республика ихтисослаштирилган Кардиология, Онкология ва радиология ҳамда Кўз микрохирургияси марказларининг минтақавий филиаллари, шунингдек, Республика кўп тармоқли катталар ва болалар тиббиёт марказларида ўтказилиши белгиланган.
Бунинг учун белгиланган манзиллардаги тиббиёт муассасаларида зарур шарт-шароитлар яратилган.