Исроилда йирик ўрмон ёнғинлари ҳамон тўхтагани йўқ. "Бу Исроил тарихидаги энг йирик ёнғинлардан бирид. Ҳозирга келиб 2 минг гектардан ортиқ ўрмон майдони ёниб кетди, камида 12 киши жароҳат олди. Ёнғинни ўчиришда армиядан ҳам фойдаланилмоқда", дея хабар берган Times of Israel нашри.
Маълумотларга кўра, ёнғинни атайдан чиқарганлик гумони билан 18 киши қўлга олинган. Бироқ асосий сабаб сифатида ўт ўланларнинг кўплиги ва шамоллар таъсири кўрсатилмоқда.
Исроил ҳукуматидаги қарор қабул қилувчилар мамлакатдаги ёнғин хавфини етарли даражада баҳоламаганликда ва зарур чораларни ўз вақтида кўрмаганликда айбланмоқда. Бу танқидлар яқинда Қуддус атрофида рўй берган ёнғинлар фонида янада кучайди. Жумладан, жойларда ўт ўчириш станциялари, ўт ўчирувчилар ва махсус техникалар билан таъминлашда деярли 30 фоизлик дефицит қайд этилган.
Аввалроқ Яҳудий давлати ҳатто халқаро ёрдам сўрашга мажбур бўлгани маълум қилинган эди. Кейинроқ Франциядан бу ёрдам сўрови қайтиб олинди. Франция президенти Эммануэль Макрон Фаластинни давлат сифатида тан олишга ваъда бергани бунга сабаб бўлган.
Гарчи Исроил армияси Ғазо секторида ва Ғарбий соҳилда қирғинбарот ўтказаётганига қарамасдан, ҳатто Маҳмуд Аббос бошчилигидаги Фаластин маъмурияти ҳам ёнғинларни ўчириш учун ўз ёрдамини таклиф қилган.
Абдуллоҳ Саййид