АсосийСИЁСАТ

Гарвардда ишлаётган ўзбекистонлик мутахассис Соғлиқни сақлаш вазирига маслаҳатчи бўлади

Давлат раҳбари 27 октябрь куни тиббиёт ва фармацевтика соҳаси ходимлари билан учрашувда ушбу таклифни илгари сурди.

'Гарвардда ишлаётган ўзбекистонлик мутахассис Соғлиқни сақлаш вазирига маслаҳатчи бўлади'ning rasmi

Президент Шавкат Мирзиёев Гарвард тиббиёт мактабида фаолият юритаётган ва Ўзбекистонда онкологик касалликларни эрта аниқлаш лойиҳаларига раҳбарлик қилаётган ватандош мутахассисга Соғлиқни сақлаш вазирининг маслаҳатчиси лавозимини таклиф қилди. Мутахассис таклифни қабул қилишга тайёрлигини билдирган.

Давлат раҳбари 27 октябрь куни тиббиёт ва фармацевтика соҳаси ходимлари билан учрашувда ушбу таклифни илгари сурди.

Учрашувда сўз олган ватандош мутахассис Ўзбекистонда онкологик касалликларни эрта аниқлаш ва тўғри ташхис қўйиш бўйича Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Республика ихтисослаштирилган онкология ва тиббий радиология илмий-амалий тиббиёт маркази ҳамда онкологлар ассоциацияси билан ҳамкорликда иш олиб борилаётганини айтди.

Унинг сўзларига кўра, дастлаб Андижонда йўғон ичак саратонини эрта аниқлаш дастури йўлга қўйилган. 2027 йилда эса Гарвард ва Дана-Фарбер саратон институти билан ҳамкорликда олтита онкологик касалликни эрта аниқлаш бўйича пилот лойиҳани Самарқандда бошлаш режалаштирилган.

Мутахассиснинг айтишича, у бундан ўн йил аввал Гарварддаги ўқишини тугатгач, Ўзбекистонда ҳамкорликда тиббий лойиҳаларни амалга ошириш ташаббуси билан чиққан. Бироқ ўша пайтда унинг таклифлари кутилганидек қабул қилинмаган. Кейинчалик эса ҳамкорлик йўлга қўйилиб, 2023 йил сентябрь ойида Президент билан учрашув ҳам ўтказилган.

Ватандош мутахассис шунингдек, Тошкентдаги 7-сонли оилавий поликлиника ва Самарқанддаги 2-сонли поликлиника фаолияти билан танишганини айтди. У мазкур муассасалардаги тажрибани янада ривожлантириш учун шифокорлар ва ҳамшираларни АҚШдаги Дана-Фарбер саратон институтида тўрт-олти ҳафталик бепул малака ошириш дастурига юборишни таклиф қилди.

Бундан ташқари, у тиббиёт муассасаларини бошқариш бўйича ўқув курсларини ташкил этиш, шунингдек, дори воситалари ва тиббий жиҳозларни ишлаб чиқиш бўйича Гарвард ҳамда АҚШдаги бошқа тиббиёт муассасалари билан қўшма илмий тадқиқотларни йўлга қўйиш таклифларини билдирди.

Мутахассис Ўзбекистонда ишлаш ва мамлакат тиббиёти ривожига ҳисса қўшишга тайёрлигини айтди.

"Шунинг учун битта таклиф: бугун алоҳида вазирга маслаҳатчи лавозимини бераман. Хоҳласангиз, бугундан қўл қўяман. Вазиримизнинг маслаҳатчиси бўлиб кўчиб келасизми, биз билан бирга шу ислоҳотларни амалга оширсангиз, жуда миннатдор бўлардим", — деди Шавкат Мирзиёев.

Мутахассис давлат раҳбарига билдирилган ишонч учун миннатдорлик билдириб, таклифни қабул қилишга тайёрлигини маълум қилди.

    Бошқа янгиликлар