АсосийСИЁСАТ

Ўзбекистонда ўлимлар сони 6,7 фоизга камайди

Ҳисобот даврида Ўзбекистоннинг доимий аҳолиси сони 39 миллион 535,2 минг кишига етган.

'Ўзбекистонда ўлимлар сони 6,7 фоизга камайди'ning rasmi

Ўзбекистонда 2026 йилнинг январь—сентябрь ойларида 123,4 мингта ўлим ҳолати қайд этилди. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 8,8 мингтага кам. Бу ҳақда Миллий статистика қўмитаси маълумот берди.

Қўмита ҳисоботига кўра, 2025 йилнинг дастлабки тўққиз ойида мамлакатда 132,2 мингта ўлим ҳолати қайд этилган. Жорий йилда эса бу кўрсаткич қарийб 6,7 фоизга пасайган. Ўлим коэффициенти 4,2 промиллени ташкил этган.

Сўнгги беш йилнинг январь—сентябрь ойларида қайд этилган ўлим ҳолатлари қуйидагича:

  • 2022 йилда — 130,2 мингта;

  • 2023 йилда — 129,7 мингта;

  • 2024 йилда — 131,7 мингта;

  • 2025 йилда — 132,2 мингта;

  • 2026 йилда — 123,4 мингта.

Шу тариқа, жорий йилнинг дастлабки тўққиз ойида қайд этилган ўлимлар сони сўнгги беш йилнинг мос даврлари орасида энг паст кўрсаткич бўлди.

Маълумотларга кўра, вафот этганларнинг 68,5 минг нафари эркаклар, 54,9 минг нафари эса аёллар ҳиссасига тўғри келган. Бу мос равишда жами ўлим ҳолатларининг 55,5 ва 44,5 фоизини ташкил этади. Эркаклар ўртасидаги ўлим ҳолатлари аёлларникидан 13,6 мингтага кўп бўлган.

Ҳудудий яшаш жойи бўйича таҳлил қилинганда, вафот этганларнинг 65,7 минг нафари шаҳарларда, 57,7 минг нафари эса қишлоқларда истиқомат қилган. Уларнинг улуши мос равишда 53,2 ва 46,8 фоизни ташкил этган.

Шу билан бирга, 2026 йилнинг январь—сентябрь ойларида Ўзбекистонда 638,6 минг нафар чақалоқ тирик туғилган. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 26 минг нафарга кам.

Туғилганлар ва вафот этганлар сони ўртасидаги фарқ натижасида аҳолининг табиий ўсиши 515,2 минг кишини ташкил этган. Ҳисобот даврида Ўзбекистоннинг доимий аҳолиси сони 39 миллион 535,2 минг кишига етган.

    Бошқа янгиликлар