Европа Иттифоқи АҚШдан олиб кириладиган автомобиль ва самолётлар ҳамда бошқа турли маҳсулотларга умумий қиймати 95 миллиард еврога тенг божларни жорий этиши мумкин. Бу ҳақда “Еврокомиссия” маълум қилди.
Рўйхатда автомобиль ва самолётлардан ташқари, озиқ-овқат маҳсулотлари, хомашё ва саноат ускуналари ҳам бор. Жумладан, курка, лосось, “брюссел” карами, хом нефть, кўмир, стоматологик асбоб-ускуналар, ҳатто париклар учун инсон сочи ва “презервативлар” ҳам бож остига тушиши мумкин.
Брюсселда жойлашган Евроиттифоқ расмийсининг таъкидлашича, рўйхатга фақат муқобил етказиб берувчилари мавжуд маҳсулотлар киритилган. Масалан, дорилар бу рўйхатга қўшилмаган. Энди бу таклиф Евроиттифоққа аъзо 27 давлат томонидан муҳокама қилинади ва кўпчиликнинг розилиги билан тасдиқланиши мумкин.
Шу билан бирга, “Еврокомиссия” АҚШ президенти Доналд Трампнинг божхона сиёсатига қарши Жаҳон савдо ташкилотига расмий шикоят аризаси топширганини ҳам эълон қилди.