АҚШнинг Firebird компанияси Қозоғистонга 45 мингта Nvidia Grace Blackwell график процессорини етказиб бериш учун экспорт лицензиясини олди. Бу мамлакатда сунъий интеллект учун ҳисоблаш қувватларини оширишга қаратилган йирик лойиҳалардан бири ҳисобланади. Бу ҳақда Nvidia компанияси расмий блоги маълум қилди.
23 октябрь куни Nvidia асосчиси Женсен Ҳуанг Остона шаҳрида Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев билан учрашди. Шунингдек, у Alem.ai халқаро сунъий интеллект марказида Бош вазир ўринбосари — сунъий интеллект ва рақамли ривожланиш вазири Жаслан Мадиев билан очиқ мулоқот ўтказди.
Ҳуанг Қозоғистонга энергетика ресурсларидан сунъий интеллект саноатини ривожлантиришда фойдаланишни таклиф қилди. Унинг фикрича, мамлакат электр энергиясини экспорт қилиш ўрнига, ундан ҳисоблаш қувватларини яратишда фойдаланиб, «интеллект» экспортини йўлга қўйиши мумкин. Бунинг учун арзон электр энергияси, маълумотлар ва ҳисоблаш хизматларига талаб зарур.
Шунингдек, у Қозоғистонни робототехника, автоном транспорт ва саноат тизимларини сунъий интеллект билан бирлаштирувчи Physical AI технологиялари марказига айлантириш имкониятини тилга олди. Бундай технологиялар кончилик, қишлоқ хўжалиги, энергетика ва логистика соҳаларида қўлланиши мумкин.
Қозоғистонда йирик маълумотлар марказлари қурилмоқда
Firebird компаниясининг ҳисоблаш мажмуаси биринчи босқичи Экибастуз шаҳрида «Kazakhtelecom» билан ҳамкорликда қурилмоқда. Уни 2027 йилнинг учинчи чорагида фойдаланишга топшириш режалаштирилган. Иккинчи босқич ҳам амалга оширилса, Firebird’нинг Қозоғистондаги инфратузилмаси умумий энергия қуввати қарийб 500 МВтга етиши мумкин.
Шу билан бирга, Data Center Valley лойиҳаси ҳам ривожлантирилмоқда. Маълумотлар марказлари кластерини босқичма-босқич 1 ГВтгача кенгайтириш режалаштирилган. Қозоғистон Сунъий интеллект вазирлиги маълумотига кўра, лойиҳанинг 215 МВт қувватга эга биринчи босқичи тўлиқ банд қилинган.
15 июнь куни Қозоғистон ҳукумати сунъий интеллект ва рақамли инфратузилмани ривожлантиришга қаратилган, умумий инвестиция ҳажми 10 миллиард доллар деб кўрсатилган келишувлар пакетини тузганини маълум қилди. Ушбу келишувлар маълумотлар марказлари, булутли хизматлар ва ҳисоблаш қувватларини ривожлантиришни назарда тутади.
Nvidia Қозоғистон билан боғлиқ стартапга сармоя киритди
Ташриф давомида Nvidia ва АҚШнинг TKV фонди сунъий интеллект ёрдамида видео ҳамда тасвирлар яратишга ихтисослашган Higgsfield компаниясига сармоя киритгани ҳам маълум бўлди.
Сан-Францискода рўйхатдан ўтган компаниянинг муҳандислик жамоасининг катта қисми Қозоғистонда фаолият юритади. Компания маълумотига кўра, платформа фойдаланувчилари сони 40 миллиондан ошган. Бироқ Nvidia ва TKV томонидан киритилган инвестиция миқдори ошкор этилмаган.
Қозоғистонда миллий сунъий интеллект моделлари ҳам ривожлантирилади
Музокараларда миллий тил моделларини ривожлантириш масаласи ҳам кўтарилди. Ҳуанг мамлакатлар ўз маълумотлари устидан назоратни сақлаб қолиши, маҳаллий тиллар ва маданий хусусиятларни ҳисобга оладиган сунъий интеллект тизимларини яратиши зарурлигини таъкидлади.
«Kazakhtelecom» Остона ва Олмаота шаҳарларида 400 та H200 ҳамда 480 та B300 график процессорини жойлаштирган. Оператор 2027 йилда яна 2 мингдан ортиқ GPU ўрнатишни режалаштирмоқда.
Ушбу инфратузилма Қозоғистон компанияларига ўз сунъий интеллект моделларини ўқитиш, хорижий буюртмачиларга ҳисоблаш хизматларини кўрсатиш ва технологияларни саноатда қўллаш имконини бериши кутилмоқда.
Бироқ эълон қилинган лойиҳаларнинг катта қисми ҳали қурилиш ёки режалаштириш босқичида. Ҳисоблаш хизматлари экспортининг амалдаги ҳажми маълумотлар марказларининг ишга туширилиши, электр энергияси таъминоти ва хизматларга бўлган талабга боғлиқ бўлади.






