АсосийДУНЁ

Жанубий африкалик ёзувчи сунъий интеллект ёрдамида 370 та китоб ёзиб, миллион доллар топди

Унинг асарлари жами бир миллиондан ортиқ нусхада сотилган.

'Жанубий африкалик ёзувчи сунъий интеллект ёрдамида 370 та китоб ёзиб, миллион доллар топди'ning rasmi

Жанубий африкалик ёзувчи Корал Ҳарт 2025 йил февраль ойидан буён сунъий интеллект ёрдамида 370 дан ортиқ китоб нашр этди. Унинг асарлари миллиондан ортиқ нусхада сотилган, даромади эса 1 миллион доллардан ошган. Бу ҳақда African News нашри хабар берди.

Маълум қилинишича, Корал Ҳарт — ёзувчининг тахаллуси. У сунъий интеллектдан фойдаланишига қарши бўлган кишиларнинг таҳдидлари ва минглаб салбий хабарлари сабабли ҳақиқий исмини ошкор қилмайди.

Ёзувчининг айтишича, у сунъий интеллектдан фойдаланишни бошлашидан олдин 14 йил давомида нашриёт соҳасида ишлаган ва ўнлаб асарларни мустақил равишда ёзган. Китоб яратиш жараёнини автоматлаштириш тизимини ишлаб чиқиш учун эса уч ой давомида турли сунъий интеллект моделларини ўрганган.

«Мен диалогларни жуда яхши ёзадиган, аммо бадиий наср яратишда унчалик кучли бўлмаган ChatGPT билан ишлайман. Claude воқеалар ривожини яхши шакллантиради, бироқ эротик мавзуларда қийналади. Grok каби бошқа моделлар эса бошқариш қийин бўлса-да, эҳтиросли саҳналарни ёзишда яхши», — деган Корал Ҳарт.

Унинг таъкидлашича, китоб яратиш жараёнида дастлаб асарнинг асосий ғояси, услуби, қаҳрамонлар ҳақидаги маълумотлар ва боблар тузилишини ўзи белгилайди. Шундан кейингина сунъий интеллект ёрдамида китоб матнини яратади.

Ҳартнинг романларидан бири ҳатто Amazon платформасидаги энг кўп сотилган 100 та китоб қаторига кирган.

Ёзувчининг ўз ҳисоб-китобларига кўра, у электрон, босма ва аудиокитоблар шаклида жами бир миллиондан ортиқ нусха сотган. Жорий йилнинг ўзида унинг даромади 1 миллион доллардан ошган. Бу қарийб 11,9 миллиард сўмга тенг.

Шунга қарамай, Корал Ҳарт сунъий интеллектдан фойдаланиб китоб ёзиши сабабли танқид ва таҳдидларга дуч келмоқда. Бироқ у китоб яратишда ушбу технологиядан фойдаланиш ёндашувини ҳимоя қилишда давом этмоқда.

    Бошқа янгиликлар