Россия қўшинлари 24 октябрга ўтар кечаси Украина ҳудудига 126 та ҳаво ҳужуми воситаси билан ҳужум қилди. Украина ҳарбийлари 101 та дронни уриб туширган ёки электрон кураш воситалари ёрдамида зарарсизлантирган. Ҳужумлар оқибатида Киев ва Харьковда тинч аҳоли вакиллари жароҳатланган. Бу ҳақда хорижий манбаларга таяниб Zamon.uz хабар берди.
Украина Қуролли кучлари Ҳарбий-ҳаво кучлари маълумотига кўра, ҳужумларда "Геран" ва "Shahed" русумидаги зарба берувчи дронлар, жумладан, реактив аппаратлар, "Бандероль" русумидаги айланиб учувчи ўқ-дорилар ҳамда "Пародия" русумидаги тақлидчи дронлар қўлланган.
Учувчисиз аппаратлар Россиянинг Шаталово, Орёл, Курск, Брянск ва Приморско-Ахтарск ҳудудларидан, шунингдек, Россия назоратидаги Донецк ва аннексия қилинган Қримдаги Гвардейское ҳудудидан учирилган.
Украина ҳарбий-ҳаво кучлари маълумотига кўра, ҳужум воситаларининг 14 таси турли нуқталарга келиб урилган, уриб туширилган аппаратлар қолдиқлари эса бешта нуқтага тушган. Ҳужумлар ҳисобот эълон қилинганидан кейин ҳам давом этган.
Киев шаҳар ҳарбий маъмурияти маълум қилишича, пойтахтнинг Оболон туманида дрон ҳужуми оқибатида хусусий уй шикастланган ва икки киши жароҳатланган. Шунингдек, Россиянинг навбатдаги ҳужумларидан кейин Голосеев ва Соломенка туманларининг айрим ҳудудларида фавқулодда электр узилишлари жорий этилган.
Харьков вилояти ҳарбий маъмурияти раҳбари Олег Синегубовнинг билдиришича, 24 октябрь куни эрталаб дрон Харьковнинг Индустриал туманига зарба берган. Оқибатда 64 ёшли аёл жароҳатланган. Ҳужумнинг бошқа оқибатлари аниқлаштирилмоқда.
Донецк вилояти ҳарбий маъмурияти раҳбари Вадим Филашкиннинг маълум қилишича, ўтган суткада Россия армиясининг зарбалари оқибатида Славянск ва Краматорск шаҳарларида икки нафар тинч аҳоли вакили ҳалок бўлган, яна 18 киши жароҳатланган.






