10 май куни АҚШ Президенти Дональд Трамп Ҳиндистон ва Покистон ўртасидаги кескинлик бўйича муҳим баёнот берди. Унинг айтишича, икки давлат АҚШ воситачилигида музокаралар ўтказган ва зудлик билан ўт очишни тўхтатишга келишган. Бу ҳақда Трамп ўзининг Truth Social тармоғида маълум қилди.
“АҚШ воситачилигида ўтказилган узоқ кечган музокаралардан сўнг Ҳиндистон ва Покистон тўлиқ ва дарҳол ўт очишни тўхтатишга рози бўлишганини мамнуният билан маълум қиламан. Бу икки мамлакатни ҳушёрлик ва донолик билан ҳаракат қилганлари учун табриклайман”, деб ёзди Трамп.
Маълумотни Покистон Ташқи ишлар вазири Муҳаммад Исъҳоқ тасдиқлаган. Бу баёнот икки ядровий давлат ўртасидаги хавфли эскалацияни юмшатиш йўлида муҳим қадам сифатида кўрилмоқда.