АҚШ президенти Доналд Трамп Қатарга расмий ташриф билан келди. Уни аэропортда Қатар амири Тамим ибн Ҳамад Ол Соний кутиб олди. Трамп сўнгги 22 йил ичида Қатарга ташриф буюрган АҚШнинг илк президенти бўлди.
Қатарга ташриф мобайнида Ғазо секторидаги вазият ҳамда воситачилардан бири Қатар бўлган ҲАМАС ва Исроил ўртасидаги музокаралар муҳокама қилиниши кутилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, АҚШ президенти Дональд Трамп Саудия Арабистонига ташрифи чоғида Саудия ва Қатар ўртасида дипломатик алоқаларни тўлиқ тиклаш бўйича келишувга эришилганини эълон қилди. Бу ҳақда The Washington Post нашри хабар берди.
Трампнинг таъкидлашича, икки мамлакат ўртасидаги узоқ йиллик ихтилофлар ортидан барқарор келишув пайдо бўлди ва яқин ҳафталарда элчихоналарни қайта очиш, авиақатновларни тиклаш ва икки томонлама савдони фаоллаштириш режалаштирилмоқда.
Унинг сўзларига кўра, бу келишув нафақат Яқин Шарқдаги сиёсий барқарорлик учун муҳим, балки АҚШнинг минтақадаги иттифоқчилари ўртасидаги ҳамжиҳатликни мустаҳкамлайди.
Маълумот учун: Саудия Арабистони ва Қатар ўртасидаги муносабатлар 2017 йилда кескин ёмонлашган, унда Саудия, БАА ва бир неча бошқа араб давлатлари Қатарни терроризмни қўллаб-қувватлаётганликда айблаб, дипломатик ва иқтисодий блокада жорий қилган эди.
Трампнинг ушбу ташаббуси унинг президентлик давридаги ташқи сиёсатдаги навбатдаги муҳим дипломатик ютуқларидан бири сифатида баҳоланмоқда.
Абдуллоҳ Саййид