АсосийДУНЁ

Францияда 800 минг киши намойишга чиқди: норозиликлар қайта авж олди

Хавфсизликни таъминлаш учун мамлакат бўйлаб 70 минг нафар полициячи ва жандарм сафарбар этилган.

'Францияда 800 минг киши намойишга чиқди: норозиликлар қайта авж олди'ning rasmi

Францияда 24 октябрь куни турмуш қийматининг ошиши ва таълим соҳасининг етарлича молиялаштирилмаётганига қарши оммавий намойишлар бўлиб ўтди. Бу ҳақда Reuters хабар берди.

Ҳукумат маълумотларига кўра, намойишларда 410 минг киши иштирок этган. Касаба уюшмалари эса кўчага 800 мингдан ортиқ одам чиққанини билдирган. Хавфсизликни таъминлаш учун мамлакат бўйлаб 70 минг нафар полициячи ва жандарм сафарбар этилган.

Парижда Ички ишлар вазирлиги маълумотига кўра, 110 мингга яқин киши намойишда қатнашган. Улар ҳаёт қимматлашуви ва жамиятдаги тенгсизликка қарши шиорлар билан шаҳар кўчалари бўйлаб юрган.

Намойиш дастлаб тинч ўтган бўлса-да, унинг охирги қисмида айрим ёшлар полиция ходимларига тош ва бошқа буюмларни отган. Ҳуқуқ-тартибот идоралари вакиллари тартибсизликларни бартараф этиш учун кўздан ёш оқизувчи газ ва сув пуркагичлардан фойдаланган.

Тўқнашувлар Лион, Бордо, Гренобль, Марсель, Монпелье, Нант ва Тулуза каби шаҳарларда ҳам қайд этилган. Айрим ҳудудларда полиция намойишчиларга қарши кўздан ёш оқизувчи газ ишлатган.

Франция ички ишлар вазири Лоран Нуньес мамлакатда тезкор чоралар кўриш зарурлигини таъкидлаган. У айрим радикал фаоллар ва жиноий гуруҳларни зўравонликни авж олдиришга уринишда айблаган.

Вазир маълумотига кўра, тушга қадар мамлакат бўйлаб 135 киши ҳибсга олинган. Текширувлар давомида пиротехника воситалари ва қурол сифатида ишлатилиши мумкин бўлган буюмлар аниқланган.

Намойишлар муносабати билан мамлакатда хавфсизлик чоралари кучайтирилган. Парижда айрим дўконлар ва корхоналар витриналарини ҳимоялаш мақсадида ёпган, бир қатор музейлар, театрлар ва Париж операси фаолиятини тўхтатган. Шунингдек, 20 дан ортиқ метро бекати ишламаган.

    Бошқа янгиликлар