Шавкат Мирзиёев ва Илҳом Алиев учрашуви якунида иттифоқчилик, таълим, қишлоқ хўжалиги ва саноат каби соҳаларни қамраб олган қатор ҳужжатлар имзоланди. Товар айирбошлаш ҳажмини $1 миллиардга етказиш режалаштирилмоқда.
2 июль куни Шавкат Мирзиёев Озарбайжон президенти Илҳом Алиев билан “Загулба” қароргоҳида тор доирада учрашди. Давлат раҳбарлари Олий давлатлараро кенгашнинг иккинчи йиғилишини ҳам ўтказди.
Учрашувда стратегик шерикликни мустаҳкамлаш, инвестициялар ҳажмини ошириш, транспорт-логистика лойиҳаларини кенгайтириш каби муҳим масалалар муҳокама қилинди. Март ойидан бошлаб юк ташишларда электрон рухсатнома тизими жорий қилингани ҳам қайд этилди.
Музокаралар якунида икки давлат ўртасида қуйидаги ҳужжатлар имзоланди:
— Иттифоқчилик муносабатларини 2025–2029 йилларда амалга ошириш бўйича “йўл харитаси”;
— Атроф-муҳит, олий ва касб-ҳунар таълими, қишлоқ хўжалиги, ижтимоий ҳимоя соҳаларида ҳукуматлараро битимлар;
— 2025–2026 йилларга мўлжалланган саноат кооперацияси дастури;
— 2030 йилгача товар айирбошлашни $1 миллиардга етказиш дастури;
— Навоий–Габала, Тошкент вилояти–Сумгаит шаҳарлари ўртасида биродарлик алоқаларини ўрнатиш бўйича келишувлар.
Томонлар қўшма инвестиция компанияси фаолиятини кенгайтириш, бизнес форумлар ўтказиш ва “Ўрта йўлак”даги ҳамкорликни чуқурлаштиришга келишиб олди.