АсосийСИЁСАТ

Самарқандда “IMKON” маркази очилди

Унда Ўзбекистон Республикаси Биринчи хоними Зироат Мирзиёева, шунингдек, саммитда иштирок этаётган биринчи хонимлар ва юқори мартабали меҳмонлар қатнашди.

'Самарқандда “IMKON” маркази очилди'ning rasmi

Самарқандда “Болалар фаровонлигига инвестициялар: келажак авлодлар учун барқарор ва адолатли тараққиёт йўлида” халқаро саммити доирасида “IMKON” марказининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Биринчи хоними Зироат Мирзиёева, шунингдек, саммитда иштирок этаётган биринчи хонимлар ва юқори мартабали меҳмонлар қатнашди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги тизимига кирувчи мазкур марказда мактабгача таълим, коррекцион-педагогик ёрдам ва комплекс реабилитация хизматлари бирлаштирилган. Ҳар бир бола учун унинг индивидуал эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда алоҳида дастур ишлаб чиқилади. Ота-оналар эса фарзандлари эгаллаган кўникмаларни уй шароитида мустаҳкамлаш бўйича мутахассислардан тавсиялар олиши мумкин.

Марказнинг мактабгача таълим бўлими 150 ўринга мўлжалланган бўлиб, 2 ёшдан 7 ёшгача бўлган болалар учун 10 та ихтисослаштирилган гуруҳни ўз ичига олади. Амбулатор бўлимда эса 2 ёшдан 18 ёшгача бўлган 100 нафарга яқин бола ҳар ойда реабилитация курсларидан ўтиши мумкин.

Бу ерда даволовчи жисмоний тарбия, нутқ ва майда моторикани ривожлантириш, сенсор интеграция машғулотлари, физиотерапия ҳамда бошқа муолажалар ўтказилади. Марказда етти йўналишдаги шифокорлар, дефектолог-педагоглар, логопедлар, психологлар, реабилитация мутахассислари ва бошқа ходимлар фаолият юритади.

Самарқанддаги марказ Нукус, Қибрай, Қарши ва Зарафшондаги муассасаларни бирлаштирган “IMKON” тармоғининг янги бўғинига айланди.

Маълум қилинишича, 2025 йилда тармоқ муассасаларида 546 мингдан ортиқ муолажа ва машғулот ўтказилган. Шунингдек, 3 минг 777 нафар бола амбулатор реабилитация курсларидан ўтган.

“IMKON” тармоғини кенгайтириш ишлари давом эттирилмоқда. Айни пайтда Фарғонада марказ қурилиши бошланган. Наманган ва Тошкент вилоятининг Нурафшон шаҳрида ҳам шундай муассасаларни барпо этиш режалаштирилган.

    Бошқа янгиликлар