Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида божхона ва ДХХ ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбир давомида ноқонуний йўл билан 8 бош Қизил китобга киритилган тирик лочин қушини олиб чиқишга уринган шахс ушланди.
Маълум қилинишича, илгари кузатувга олинган шахс “Оқтош” назорат-ўтказиш пункти орқали давлат чегарасини бузиб ўтаётган вақтда тўхтатилган. Уни текшириш пайтидаги манзара эса ҳозирча барчанинг эътиборида: кичик сумкага зичлаб жойланган 8 бош лочиннинг кўз ва оёқлари боғланган, қанотлари эса скотчланган ҳолда топилган.
Тегишли мутахассисларнинг таъкидлашича, бу лочинлар Ўзбекистон Республикаси Қизил китобига киритилган ва уларни овлаш ҳам, мамлакатдан олиб чиқиш ҳам қатъиян тақиқланган.
Ушбу қушлар ҳозирда Тошкент ҳайвонот боғига топширилди. Ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.