2025 йил 24 сентябрь куни Тошкент вилоятидаги айрим мактабгача таълим муассасалари тарбияланувчилари билан боғлиқ заҳарланиш ҳолати кузатилди.
Ўрта Чирчиқ тумани ва Нурафшон шаҳри ижтимоий-сиёсий нашри – "Машъал" газетасининг телеграм каналида маълум қилинишича, муассасаларни "GOVERNESS BUSINESS", “KINDER GARDEN GROUP” МЧЖлари озиқ овқат маҳсулоти ҳамда “SHARK MILK PRODUCT” МЧЖ сут маҳсулоти билан таъминлаши аниқланди.
Ушбу МЧЖлар Тошкент, Ўртачирчиқ, Қибрай, Янгийўл, Бўстонлиқ ва Зангиота туманлари, Чирчиқ, Нурафшон ва Янгийўл шаҳарларидаги мактабгача таълим муассасаларига ҳам аутсорсинг хизматини кўрсатиб келган.
2025 йил 25 сентябрда Тошкент вилояти ИИББ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан 5 та МЧЖ мансабдор шахсларига нисбатан санитарияга оид қонунчилигини бузиш ҳолати юзасидан Жиноят кодексининг 257-1-моддаси 1-қисми (санитарияга оид қонунчиликни ёки эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, терговга киришилди. МЧЖларнинг молиявий-хўжалик фаолияти юзасидан ҳужжатли тафтиш тайинланди.
Жиноят иши бўйича "GOVERNESS BUSINESS" МЧЖ раҳбари, “Kinder Garden Group” МЧЖ директори, “Innovation Outsourcing Service” МЧЖ раҳбари ва таъсисчиси, “Nishon invest” МЧЖ директори, “SHARK MILK PRODUCT” МЧЖ директори, таъсисчиси ва сотув бўлими менежерлари жами 7 нафар шахслар процессуал тартибда ушланди.
Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари Тошкент вилояти ИИББ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан давом эттирилмоқда.