АсосийДунё

Навоийда эркак алимент талаб қилган хотинини атайлаб уриб юборди

Эркак устидан фақат йўл ҳаракати қоидаларини бузиш моддаси билан иш очилган.

'Навоийда эркак алимент талаб қилган хотинини атайлаб уриб юборди'ning rasmi

Навоий вилояти, Қизилтепа туманида истиқомат қилувчи эркак 4 нафар фарзанди учун алиментдан воз кечмаган собиқ турмуш ўртоғини атайлаб машинада уриб юборди.

Бунинг оқибатида аёл оғир жароҳат олиб, белидан паст қисми фалаж бўлиб қолган. Бу ҳақда Nemalchi.uz лойиҳаси вилоят судининг ҳужжатларига таяниб хабар берди.

Қайд этилишича, аёл узоқ йиллар давомида эри томонидан мунтазам калтакланиб келган. Ажрашиш жараёнида суд 12 август куни эр-хотинга 3 ой муҳлат берган ва эркакка 4 нафар вояга этмаган фарзанди учун алимент тўлаш мажбуриятини юклаган.

Бироқ орадан бир кун ўтиб, 13 август куни Шахриёр Замирага қўнғироқ қилиб, алиментдан воз кечишини талаб қилган. Аёл рад жавобини бергач, 14 август куни Шахриёр Дамас машинасида уни уриб юборган. Жабрланувчи аёлнинг умуртқаси синган, асаб толалари шикастланган, ва ҳозирда у юра олмайди. Оиласи оғир аҳволда даволаниш харажатларини кўтариш учун қарзга ботган.

Аёлнинг яқинлари зўравон эркак даволаниш харажатларига ҳисса қўшишдан бош тортганини билдирган. Унга нисбатан Жиноят кодексининг 266-моддаси — “Транспорт воситалари ҳаракати хавфсизлиги қоидаларини бузиш” бўйича жиноят иши қўзғатилган. Бироқ ҳозиргача у ҳибсга олинмаган ва Замирага ёзиб, “яхши нарса бўлмайди”, дея таҳдид қилишда давом этмоқда.

Nemalchi.uz ушбу ҳолатни кескин қоралаб, саволлар қўймоқда:

“Нега аёлни қасддан уриб юборилганига қарамай, бу уриниш ўлдиришга суиқасд деб баҳоланмади? Нега жиноятчи эр ҳибсга олинмади? Ва энг муҳими — нега аёллар ҳаётини ҳимоя қилиш механизмлари ҳануз заиф?”

    Бошқа янгиликлар