АсосийЖамият

Мьянмага сотиб юборилган ўзбек, қозоқ ва қирғиз фуқаролари ватанга қайтарилди

Бир гуруҳ ўзбеклар Ўзбекистоннинг Бангкокдаги Бош консулхонасига Мьянмада одам савдоси қурбонига айлангани ва ватанга қайтишда ёрдам сўраб мурожаат қилган.

'Мьянмага сотиб юборилган ўзбек, қозоқ ва қирғиз фуқаролари ватанга қайтарилди'ning rasmi

Ўзбекистон ва Қозоғистоннинг Таиланддаги дипломатик ваколатхоналари кўмагида Мьянмада оғир вазиятга тушиб қолган Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистон фуқаролари ватанга муваффақиятли қайтарилди, деб хабар қилмоқда “Дунё”.

Ўзбекистон Республикасининг Бангкок шаҳридаги Бош консулхонасига бир гуруҳ юртдошларимиз Мьянмада одам савдоси қурбонига айлангани ва ватанга қайтишда ёрдам сўраб мурожаат қилган.

Мурожаатчиларнинг сўзларига кўра, улар Таиландга интернетда юқори маошли иш таклифи билан келишган. Уларга Ўзбекистондан бепул авиачипта тақдим этилган. Бироқ, улар Таиландга етиб келганидан сўнг, алдов йўли билан Мьянма ҳудудига ноқонуний равишда олиб ўтилган ва у ерда одам савдоси билан шуғулланувчи жиноий гуруҳлар қўлига тушиб қолган. У ерда уларни фирибгарлик колл-марказларида ишлашга мажбурлашган. Ноқонуний ҳаракатларни амалга оширишдан бош тортган фуқаролар жисмоний зўравонлик ва таҳдидларга дучор бўлган.

Шунингдек, Мянмада ҳудди шундай вазиятда Қозоғистон ва Қирғизистон фуқаролари ҳам одам савдоси қурбонига айлангани аниқланди. Қирғизистоннинг Таиландда дипломатик ваколатхонаси йўқлигини инобатга олиб, қўшни давлатнинг илтимосига кўра, Ўзбекистон ва Қозоғистон дипломатлари ушбу фуқароларни ҳам ватанга қайтаришни ташкил этишда амалий ёрдам кўрсатди.

Мьянма ва Таиланднинг ваколатли органлари билан олиб борилган келишилган ҳаракатлар ва музокаралар натижасида Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистон фуқаролари озод қилиниб, Маэсот (Таиланд) чегара пунктида Ўзбекистон ва Қозоғистон дипломатларига топширилди. Озодликка чиқарилган шахсларга вақтинчалик турар жой ва озиқ-овқат берилди.

2025 йил 9 декабрь куни Ўзбекистон ва Қозоғистоннинг Таиланддаги дипломатик ваколатхоналари кўмагида Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистон фуқаролари ватанга муваффақиятли қайтарилди.

    Бошқа янгиликлар