Лойиҳага кўра, “Ўзбекистон Республикасининг давлат байроғи тўғрисида”ги қонунга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиб, байроқни дастасиз вертикал ҳолатда осиш тартиби алоҳида модда билан мустаҳкамланади. Унда ой ва 12 та юлдуз тасвири юқори ўнг бурчакда жойлашиши, байроқнинг пастки қисми эса ер сатҳидан камида 30 сантиметр баланд бўлиши шартлиги белгиланиши кўзда тутилган.

Шунингдек, байроқни тескари ёки эстетик кўринишини бузадиган ҳолатда намойиш этиш, унинг устига буюм қўйиш ҳамда ҳурматсизликни ифодаловчи ҳар қандай хатти-ҳаракатлар қатъиян тақиқланади.
Ҳужжатда мажлислар заллари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва дипломатик ваколатхоналарда байроқни жойлаштириш талаблари ҳам аниқлаштирилмоқда. Бошқа байроқлар билан бирга намойиш этилганда Ўзбекистон давлат байроғи марказда ёки ўнг томонда устувор тарзда жойлаштирилиши лозим бўлади. Оммавий тадбирларда эса у сафнинг олд ўнг қанотида ёки марказида туриши, бошқа байроқлардан кейин олиб юрилиши тақиқланиши назарда тутилган.
Бундан ташқари, давлат байроғини тобут устига ёпиш тартиби ҳам алоҳида модда билан белгиланиб, бу ҳуқуқ кимларга берилиши ва маросимдаги жойлашув қоидалари кўрсатиб ўтилмоқда. Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга кириши режалаштирилган.






