Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёевнинг кеча, 6 май куни қабул қилинган “Тўловга қобилиятсизлик институтини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонида сўз боради.
Агентлик тўловга қобилиятсизлик соҳасида ягона давлат сиёсатини юритишга масъул бўлган махсус ваколатли давлат органи этиб белгиланди.
Агентликнинг тўловга қобилиятсизлик соҳасидаги асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгиланди:
- тўловга қобилиятсизлик соҳасида давлат сиёсатини амалга ошириш, шу жумладан, ушбу соҳани назорат қилиш ва тартибга солиш;
- тўловга қобилиятсизлик соҳасида давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятини мувофиқлаштириш;
- тўловга қобилиятсизлик жараёнларини тўлиқ рақамлаштириш, ортиқча бюрократик тартиб-таомилларни соддалаштириш.
Ўзбекистон суд бошқарувчилари ассоциацияси негизида барча суд бошқарувчилари аъзолигига асосланган Ўзбекистон Суд бошқарувчилари палатаси ташкил этилади.
Палата ўзининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида тузиладиган ҳудудий тузилмалари билан биргаликда суд бошқарувчиларини бирлаштирувчи ягона ўзини ўзи бошқариш тизимини ташкил этади.






