Қайд этилишича, тезкор тадбирлар Давлат хавфсизлик хизмати ҳамда Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган.

Ҳолатлардан бирида Давлат активларини бошқариш агентлигининг Андижон вилояти ҳудудий бошқармаси бош мутахассиси тадбиркордан 15 минг АҚШ доллари талаб қилгани аниқланган.
Маълум бўлишича, тадбиркор Избоскан туманидаги давлат мулки объектини сотиб олиш бўйича шартнома шартларини бажармагани важ қилиниб, шартномани бекор қилиш ҳамда жарима ундириш юзасидан судга апелляция шикояти киритилган. Мансабдор эса юқори лавозимдаги танишлари орқали суд қарорини тадбиркор фойдасига ҳал қилиб бериш ва шартномани бекор қилмаслик эвазига пора сўраган.

У сўралган пул маблағини учинчи шахс орқали олган вақтида қўлга олинган.
Яна бир ҳолатда “Ҳудудий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти Андижон ҳудудий филиали муҳандиси якка тартибдаги тадбиркорнинг шоли қуритиш цехида электр энергиясидан ноқонуний фойдаланилгани бўйича 650 миллион сўм зарар ҳисобланишини айтган.
Ушбу миқдорни 40 миллион сўмгача камайтириб бериш эвазига у тадбиркордан 15 минг АҚШ доллари талаб қилган. Муҳандис 10 минг доллар олган вақтида ушланган.
Шунингдек, вилоят туманларидан бирининг Кадастр бўлими бошлиғи фуқарога уй-жой қуриш учун 8 сотих ва деҳқон хўжалиги ташкил этиш учун 17 сотих ер ажратиб бериш эвазига аввалроқ 3 минг АҚШ доллари олгани маълум қилинди.

Терговга қадар текширувларда мансабдор фуқарога ер ажратилгани ҳақида сохта ҳужжат ҳам расмийлаштириб бергани аниқланган.
Жорий йил бошида ўтказилган хатлов жараёнида мазкур ер майдони ноқонуний ажратилгани фош бўлган ва фуқарога 82 миллион сўм жарима қўлланилган.
Кейинчалик кадастр ходими 3 минг доллар пулни учинчи шахс орқали қайтариб берган вақтида ушланган.
Ҳозирда ҳар учала ҳолат юзасидан жиноят ишлари қўзғатилган бўлиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.






