АсосийЖАМИЯТ

Мирзиёев халқаро таълим стандартлари асосида кадрлар тайёрлаш бўйича янги таклифлар билан танишди

Тақдимотда қайд этилишича, сўнгги саккиз йилда олий таълим билан қамров даражаси 9 фоиздан 44 фоизгача ошган, талабалар сони эса 270 минг нафардан 1,7 миллион нафарга етган.

'Мирзиёев халқаро таълим стандартлари асосида кадрлар тайёрлаш бўйича янги таклифлар билан танишди'ning rasmi

Президент Шавкат Мирзиёев халқаро таълим стандартлари асосида ўрта махсус, касбий ва олий таълим тизимини такомиллаштириш, шунингдек, нуфузли хорижий университетлар билан академик ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган таклифлар тақдимоти билан танишди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар қилди.

Тақдимотда қайд этилишича, сўнгги саккиз йилда олий таълим билан қамров даражаси 9 фоиздан 44 фоизгача ошган, талабалар сони эса 270 минг нафардан 1,7 миллион нафарга етган. Шунингдек, 643 та техникумнинг 100 тасида Германия, Буюк Британия, Швейцария, Хитой ва Корея Республикасининг илғор касбий таълим дастурлари жорий этилмоқда.

Бугунги кунда Ўзбекистон Миллий университети ҳамда “Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти” миллий тадқиқот университети дунёнинг энг яхши мингта олий таълим муассасаси рейтингига кирган. Шу билан бирга, мамлакат олийгоҳларидаги 157 та таълим дастури халқаро аккредитациядан ўтган.

Тақдимотда 2030 йилга қадар камида 5 та олий таълим муассасасини жаҳоннинг энг яхши 500 та университети қаторига киритиш, яна 10 тасини алоҳида фан йўналишлари бўйича шу рейтингдан ўрин олдириш мақсади белгилангани маълум қилинди. Шунингдек, 100 та таълим дастурини халқаро аккредитациядан ўтказиш ва камида 150 та техникумда халқаро таълим дастурларини жорий этиш режалаштирилган.

Муҳокамада интеграциялашган таълим моделларини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, талабаларга маҳаллий ва хорижий университетларда босқичма-босқич таҳсил олиш имконини берадиган “1+3”, “2+2”, “3+1”, “2+3” каби таълим дастурларини кенг жорий қилиш таклиф этилди.

Шу муносабат билан Тошкент архитектура-қурилиш университети таркибида Интеграциялашган дастурлар олий мактабини ташкил этиш режалаштирилмоқда. Унда таълим Буюк Британиянинг Нортумбрия ва Ҳартфордшир университетлари дастурлари асосида ташкил этилади. Кейинги босқичларда Италиянинг Сапиенца университети, Буюк Британиянинг Саутгемптон ва Глазго университетлари билан ҳамкорликда дастурларни йўлга қўйиш кўзда тутилган.

Тақдимотда таъкидланишича, мазкур тизим талабаларнинг хорижда таълим олиш ва яшаш харажатларини ўн бараваргача қисқартириш имконини беради.

Шунингдек, мамлакатда етакчи хорижий университетлар жойлашадиган Тошкент халқаро университетлар шаҳарчасини ташкил этиш таклифи ҳам муҳокама қилинди. Лойиҳада Қатардаги Education City, Бирлашган Араб Амирликларидаги Дубай халқаро академик шаҳри ҳамда Корея Республикасидаги Инчхон глобал кампуси тажрибасидан фойдаланиш режалаштирилган.

Президент тақдим этилган таклифларни маъқуллаб, интеграциялашган таълим дастурларини босқичма-босқич кенгайтириш, улар сифатини халқаро талаблар асосида таъминлаш ва нуфузли хорижий университетлар билан узоқ муддатли академик ҳамкорликни кучайтириш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқлар берди.

    Бошқа янгиликлар