АсосийЖАМИЯТ

Ўзбек олимларининг номи икки астероидга берилди

Маълумот учун, Камолиддин Эргашев ва Отабек Бурхонов NASAнинг Сайёравий мудофаа дастури доирасидаги лойиҳалардаги иштироки учун агентликнинг "Гуруҳ ютуғи учун мукофоти" (Group Achievement Award) билан ҳам тақдирланган.

'Ўзбек олимларининг номи икки астероидга берилди'ning rasmi

Ўзбекистонлик икки астрономнинг номи халқаро астрономик каталогларга киритилди. Энди икки кичик сайёра расман ўзбек олимлари Камолиддин Эргашев ва Отабек Бурхонов номи билан аталади. Бу ҳақда Ўзбекистон Фанлар академияси маълум қилди.

Маълум қилинишича, жорий йилнинг 9 июль куни Халқаро астрономия иттифоқининг Кичик жисмлар номенклатураси бўйича ишчи гуруҳи (WGSBN) томонидан эълон қилинган расмий бюллетенда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Астрономия институтининг икки нафар ходими шарафига астероидларга ном берилгани қайд этилган.

Шунга кўра, халқаро астрономик каталогларда (131358)-рақамли астероид "Камолэргашев", (121339)-рақамли астероид эса "Отабекбурхонов" номи билан рўйхатга олинди.

Қайд этилишича, кейинчалик "Камолэргашев" деб номланган астероид дастлаб 2001 KA2 вақтинчалик белгиси билан рўйхатга олинган бўлиб, у 2001 йил 19 май куни Чехиядаги Ондржейов обсерваториясида чех астрономлари томонидан кашф этилган.

Расмий изоҳда Камолиддин Эргашев 2007 йилдан буён Фанлар академияси Астрономия институтида астероидлар тадқиқоти билан шуғулланиб келаётгани, 2024 йилда мазкур йўналиш бўйича фалсафа доктори (PhD) илмий даражасини олгани қайд этилган. Унинг илмий ишлари астероидлар фотометрияси, равшанлик эгри чизиқларини таҳлил қилиш, уларнинг физик хусусиятларини аниқлаш, шунингдек, астероид жуфтликлари, кластерлари ва қўшалоқ тизимларини тадқиқ этишга бағишланган.

«Отабекбурхонов» номи берилган астероид эса дастлаб 1999 TO15 вақтинчалик белгиси билан қайд этилган бўлиб, 1999 йил 13 октябрь куни чех астрономлари томонидан кашф этилган.

Расмий маълумотга кўра, Отабек Бурхонов 2000 йилдан буён Мирзо Улуғбек номидаги Астрономия институтида фаолият юритиб келади. У 2005 йилда фан номзоди илмий даражасини олган. Олимнинг асосий тадқиқотлари оптик фотометрия, астероидлар равшанлик эгри чизиқлари, ўзгарувчан юлдузлар, гравитацион линзаланган квазарлар ҳамда Майданак обсерваториясида гамма-чақнашлардан кейинги оптик кузатувларни қамраб олади.

Фанлар академиясига кўра, олимлар номи билан астероидларни номлаш уларнинг илм-фан ривожига қўшган ҳиссасига берилган юксак халқаро эътироф ҳисобланади. Тасдиқланган номлар халқаро астрономик номенклатурага киритилиб, бундан кейин илмий мақолалар, каталоглар ва эфемеридаларда ушбу осмон жисмларининг расмий номи сифатида қўлланади.

«Ўзбекистонлик икки астрономнинг номи астероидларга берилгани мамлакат астрономияси учун қувончли ва фахрли воқеадир. Ўзбекистон Фанлар академияси ҳамда Мирзо Улуғбек номидаги Астрономия институти жамоаси Камолиддин Эргашев ва Отабек Бурхоновни ушбу нуфузли халқаро эътироф билан самимий табриклайди», дейилади хабарда.

Маълумот учун, Камолиддин Эргашев ва Отабек Бурхонов NASAнинг Сайёравий мудофаа дастури доирасидаги лойиҳалардаги иштироки учун агентликнинг "Гуруҳ ютуғи учун мукофоти" (Group Achievement Award) билан ҳам тақдирланган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ "Ўзбеккосмос" агентлиги Ўзбекистоннинг илк космонавтини 2028 йилда коинотга юбориш режалаштирилаётганини маълум қилган эди.

    Бошқа янгиликлар

    Ўзбек олимларининг номи икки астероидга берилди - Darakchi.uz