АсосийБУ ҚИЗИҚ

Инсондан тез югурадиган робот дунё рекордини янгилади

Гуманоид робот 100 метр масофани 9,32 сонияда босиб ўтиб, Усэйн Болтнинг жаҳон рекордини ортда қолдирди.

'Инсондан тез югурадиган робот дунё рекордини янгилади'ning rasmi

Хитойда Honor компанияси томонидан ишлаб чиқилган Lightning номли гуманоид робот 100 метр масофани 9,32 сонияда босиб ўтди. Бу натижа 2009 йилда ямайкалик атлет Усэйн Болт томонидан ўрнатилган эркаклар ўртасидаги 100 метрга югуриш бўйича жаҳон рекорди — 9,58 сониядан 0,26 сонияга тезроқ. Бу ҳақда BBC хабар берди.

Хитой давлат телерадиокомпанияси хабар беришича, югуриш вақтида роботнинг максимал тезлиги сониясига 14,5 метрга, яъни соатига қарийб 52 километрга етган. Мазкур югуриш гуманоид роботларнинг II Бутунжаҳон ўйинлари олдидан ўтказилган синов тадбири бўлган.

Гуманоид роботларнинг II Бутунжаҳон ўйинлари 22-26 август кунлари Пекин шаҳрида, 2022 йилги Қишки Олимпиада учун қурилган Миллий коньки учиш стадионида бўлиб ўтмоқда. Мусобақада 6 қитъанинг 16 мамлакати ва ҳудудидан 666 та жамоа таркибида 2056 та робот иштирок этиши учун рўйхатдан ўтказилган.

Бу кўрсаткич ўтган йилги биринчи ўйинлар билан солиштирганда анча юқори. Унда 280 та жамоа иштирок этган бўлса, бу йил жамоалар сони 138 фоизга ошган.

Мусобақа дастуридан 51 та йўналиш ва 1301 та алоҳида старт ўрин олган. Роботлар югуриш, футбол, яккакураш, оғир атлетика ва рақс каби спорт турларида беллашмоқда. Шунингдек, улар кундалик ва амалий вазифаларни бажариш бўйича ҳам синовдан ўтказилмоқда.

Жумладан, роботлар ёнғинни ўчириш, меҳмонхона, ишлаб чиқариш корхонаси ва уй шароитида турли вазифаларни бажариш, принтерга қоғоз жойлаш, музокаралар хонасини тайёрлаш, шредердан фойдаланиш, буюмларни саралаш ҳамда винтларни бураб маҳкамлаш каби топшириқларни бажармоқда.

Ташкилотчилар роботларнинг мустақил ҳаракатланишига қўйиладиган талабларни ҳам кучайтирган. Деярли барча спорт турларида роботлар вазифаларни масофадан бошқарувсиз бажариши шарт.

Мусобақаларни 223 нафар ҳакам баҳоламоқда. Шу билан бирга, бу йилги ўйинлардаги мусобақа йўналишлари сони ҳам ўтган йилги 26 тадан 51 тага етказилган.

    Бошқа янгиликлар

    Инсондан тез югурадиган робот дунё рекордини янгилади - Darakchi.uz