2026 йилнинг январь–июль ойларида Ўзбекистондан 1,28 млн тонна мева-сабзавот маҳсулотлари экспорт қилинди. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 5,5 минг тоннага ёки 0,4 фоизга кўп.
Бироқ экспортдан тушган даромад камайган. Етти ойда мева-сабзавот маҳсулотлари экспорти қиймати 1,03 млрд долларни ташкил этиб, 2025 йилнинг шу даврига нисбатан 3,9 фоизга пасайган. Ўтган йил бу кўрсаткич 1,07 млрд доллар бўлган.
Мева-сабзавот маҳсулотларининг мамлакат умумий экспортидаги улуши 5,1 фоизни ташкил этган.
Ҳисобот даврида 539,6 минг тонна сабзавот экспорт қилинди. Бу йиллик ҳисобда 55,4 минг тоннага ёки 11,4 фоизга кўп. Экспорт қиймати эса 200,5 млн долларга етган — 20,8 фоиз ўсиш қайд этилган.
Асосий экспорт маҳсулотлари пиёз ва карам бўлди. Етти ойда 304,1 минг тонна пиёз 89,3 млн долларга, 139,4 минг тонна карам 54,7 млн долларга экспорт қилинди.
Шунингдек, помидор экспорти 33 минг тонна, сабзи 57,5 минг тонна, саримсоқ 5,6 минг тоннани ташкил этди. Ушбу маҳсулотларнинг ҳам экспорт ҳажми ва қиймати ўтган йилга нисбатан ошган.
Қовун-тарвуз экспорти эса ҳажм жиҳатдан бироз камайган. 2026 йилнинг дастлабки етти ойида 173,9 минг тонна маҳсулот экспорт қилинган бўлса, унинг қиймати 55,1 млн долларга етди. Ўтган йилнинг шу даврида бу кўрсаткич 175,7 минг тонна ва 41,9 млн доллар бўлган.






