АсосийДУНË

Андижон халқаро аэропорти реконструкциясининг иккинчи босқичи давом этмоқда

Президент Шавкат Мирзиёевга аэропортни ривожлантириш концепцияси тақдим қилинди. Давлат раҳбари замонавий терминал биносини белгиланган муддатда ва сифатли қуриб битказиш бўйича масъулларга топшириқлар берди.

'Андижон халқаро аэропорти реконструкциясининг иккинчи босқичи давом этмоқда'ning rasmi

Андижон халқаро аэропортида реконструкция ишларининг иккинчи босқичи жадал давом этмоқда. Президент Шавкат Мирзиёевнинг Андижон вилоятига ташрифи мазкур объектдаги бунёдкорлик ишлари билан танишишдан бошланди.

Андижон халқаро аэропорти 1978 йилда ишга туширилган, 2013 йилда унга халқаро мақом берилган. Умумий майдони 243,4 гектар бўлган аэропортда 100 нафар ходим меҳнат қилади.

Аэропортни реконструкция қилиш лойиҳасининг умумий қиймати 1,1 триллион сўмни ташкил этади. Лойиҳанинг биринчи босқичида аэропорт инфратузилмаси янгиланди. Жумладан, учиш-қўниш йўлаги 3,3 километрга узайтирилиб, кенглиги 60 метр бўлган янги 4Е тоифали йўлак барпо этилди. Шунингдек, 10 та ҳаво кемасига мўлжалланган тўхташ жойлари ва руллаш йўлаклари қурилди.

Учиш-қўниш йўлагига 50 йилгача хизмат қилишга мўлжалланган цемент-бетон қопламаси ётқизилди. Германияда ишлаб чиқарилган юқори аниқликдаги ёритиш-сигнал тизими ўрнатилди. Бу аэропортга тунги вақтда ва қуюқ туман шароитида ҳам ҳаво кемаларини хавфсиз қабул қилиш имконини беради.

Ҳозирда реконструкциянинг иккинчи босқичи амалга оширилмоқда. Унинг доирасида умумий майдони 19 минг 685 квадрат метр бўлган икки қаватли замонавий терминал биноси барпо этилмоқда.

Янги терминал ишга тушгач, аэропортнинг йўловчиларга хизмат кўрсатиш қуввати беш баробарга ошади. Шунингдек, аэропорт ҳудудида юқори тезликдаги Wi-Fi тармоғи ва ақлли хизматлар жорий этилади.

Президент Шавкат Мирзиёевга аэропортни ривожлантириш концепцияси тақдим қилинди. Давлат раҳбари замонавий терминал биносини белгиланган муддатда ва сифатли қуриб битказиш бўйича масъулларга топшириқлар берди.

Айни пайтда Андижон халқаро аэропорти орқали маҳаллий ва халқаро йўналишларда еттита авиакомпаниянинг мунтазам қатновлари амалга оширилмоқда. Келгусида йиллик авиарейслар сонини 808 тадан 2 минг 500 тагача, йўловчиларга хизмат кўрсатиш қувватини эса йилига 3,5 миллион нафарга етказиш режалаштирилган.

Мазкур ишлар Андижон вилоятида транспорт қулайлигини ошириш, ҳудуднинг иқтисодий ва сайёҳлик салоҳиятини ривожлантиришга қаратилган.

    Бошқа янгиликлар

    Андижон халқаро аэропорти реконструкциясининг иккинчи босқичи давом этмоқда - Darakchi.uz