Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманидаги Чорвоқ сув омборида чўкиб кетган уч кишидан бирининг жасади топилди. Ҳозирда яна икки кишини қидириш ишлари давом эттирилмоқда.
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизматининг хабар беришича, воқеа 2 сентябрь куни Бўстонлиқ туманидаги “Бурчмулла” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида содир бўлган.
Маълум қилинишича, беш кишидан иборат оила Чорвоқ сув омборида сайр қилиш мақсадида катер ижарага олган. Катерда эр-хотин, уларнинг бир қизи ва икки ўғли бўлган. Катер ҳайдовчиси ҳам улар билан бирга бўлган.
Оила аъзолари суратга тушиш учун тўхтаган вақтда ўғиллардан бири чўмилиш учун сувга тушган. У қутқарув нимчасидан фойдаланмаган. Шу пайтда ҳудудда шамол бўлиб, сувда тўлқинлар ҳосил бўлган.
Сувга тушган йигитнинг оёқ томири тортишиб қолган. Уни қутқариш учун отаси, кейин эса иккинчи ўғли ҳам сувга сакраган. Катер ҳайдовчиси ҳам уларга ёрдам бериш мақсадида сувга тушган, аммо уларни қутқаришнинг иложи бўлмаган.
Хабар келиб тушиши билан ФВВнинг ғаввос-қутқарувчилари ҳодиса жойига етиб бориб, қидирув ишларини бошлаган. Сув омборининг чуқурлиги ва қидирув ҳудудининг кенглиги инобатга олиниб, ҳодиса жойида штаб ташкил этилган.
Қидирув ишларига Жиззах ва Сирдарё вилоятлари фавқулодда вазиятлар бошқармаларининг қўшимча кучлари ҳам жалб қилинган. Ишлар давомида зарур техника ва замонавий қидирув-спасатель ускуналаридан фойдаланилмоқда.
Олиб борилган қидирув ишлари натижасида 9 сентябрь куни соат 13:02 да чўкиб кетган фуқаролардан бирининг жасади топилган.
Ҳозирда Чорвоқ сув омборида яна икки кишини қидириш ишлари давом эттирилмоқда.






