Украина президенти Володимир Зеленский АҚШ президенти Дональд Трамп Украина ҳудудида Patriot ракеталарини ишлаб чиқариш учун лицензия бериш масаласига ижобий муносабат билдирганини айтди.
Зеленскийнинг маълум қилишича, у Трампдан мазкур жараённи тезлаштиришда ёрдам сўраган. Лойиҳа амалга оширилиши учун бир йилдан бир ярим йилгача вақт кетиши мумкин.
Шунингдек, Зеленский Трамп билан Украинада қишга тайёргарлик масаласини муҳокама қилган. У АҚШ томонидан қиш мавсуми учун қўшимча Patriot ракеталарини етказиб беришни сўраган.
Учрашувда Россия ва Украина энергетика инфратузилмаларига ҳужумларни тўхтатиш масаласи ҳам кўтарилган. Зеленский Украина Россия томонидан энергетика тизимига ҳужумлар тўхтатилса, энергетика соҳасида сулҳ ўрнатишнинг ҳар қандай шаклига тайёрлигини билдирган.
Украина президентининг таъкидлашича, музокараларда Украина Россиянинг нефтьни қайта ишлаш заводлари ёки бошқа энергетика объектларига ҳужумларни бир томонлама тўхтатиши ҳақида гап бўлмаган.
Зеленский Владимир Путин билан учрашишга тайёрлигини ҳам яна бир бор айтди. Унинг сўзларига кўра, Трамп Украина, Россия ва АҚШ раҳбарлари иштирокида уч томонлама учрашув ташкил қилиши мумкин.






