Фарғона вилоятида жиноят содир этишга мойил 129 нафар шахснинг яшаш манзилида тезкор тадбирлар ўтказилиб, уларнинг 104 нафарида ноқонуний буюм ва ашёлар сақланаётгани аниқланди.
Вилоят Ички ишлар бошқармаси ҳамда Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тадбирлар давомида 104 нафар шахсдан ноқонуний буюм ва ашёлар аниқланиб, далилий ашё сифатида олинган.
Маълум бўлишича, уларнинг 53 нафари хатти-ҳаракатларида жиноят аломатлари, 52 нафарида эса маъмурий ҳуқуқбузарлик белгилари аниқланган. Ҳолатлар юзасидан тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилган.
Тезкор тадбирлар натижасида 15 та совуқ қурол, 7 килограмм 673 грамм гиёҳвандлик воситаси, 65 туп гиёҳвандлик ўсимлиги, 2 та пневматик қурол, 1 та ов милтиғи стволи, 527 та гильза ҳамда бошқа буюмлар олинган.
Шунингдек, қидирувда бўлган 5 нафар шахс ушланган.
Тадбирлар давомида ноқонуний онлайн диний таълим бериш билан боғлиқ 2 та ҳолат ҳам аниқланган.
Ҳозирда аниқланган ҳолатлар юзасидан терговга қадар текширув ва бошқа процессуал ҳаракатлар олиб борилмоқда.






