Қонунчиликка кўра, парламент сайлов санасини овоз бериш кунига камида тўрт ой қолганда белгилаши керак. Агар белгиланган муддатда сайлов санаси аниқланмаса, сайловлар автоматик равишда охирги муддатдан кейинги кунга тайинланган ҳисобланади.
Дастлабки маълумотларга кўра, сайловолди ташвиқоти 22 ёки 23 декабрдан бошланиши мумкин.
Қирғизистон президенти лавозимига давлат тилини биладиган, 35 ёшга тўлган фуқаро номзодини қўйиши мумкин. Номзод хорижий давлат фуқаролигига эга бўлмаслиги ҳамда Қирғизистон ҳудудида камида 15 йил яшаган бўлиши лозим.
Янги ўзгартишларга кўра, судланганлиги олиб ташланган шахс ҳам президентликка номзод бўла олмайди. Шунингдек, жиноят иши реабилитация қилмайдиган асосларга кўра тугатилган шахсларнинг ҳам президентликка номзод сифатида иштирок этиши тақиқланади.
Аввалги тартибда эса номзоднинг судланган бўлмаслиги талаб қилинган. Судланганлиги тугалланган ёки олиб ташланган шахслар президентлик сайловида иштирок этиши мумкин эди.






