АсосийБУ ҚИЗИҚ

Мисрда 45 млн йил аввал яшаган тимсоҳнинг янги тури аниқланди

Қайд этилишича, янги турга тегишли қазилма қолдиқлар Миср шимолидаги Мокаттам қатламидан топилган.

'Мисрда 45 млн йил аввал яшаган тимсоҳнинг янги тури аниқланди'ning rasmi

Мисрдаги Буюк Сфинкс ва Гиза эҳромлари қурилишида фойдаланилган оҳактош қатламидан топилган қазилма қолдиқлар қайта ўрганилиб, тахминан 45 млн йил аввал яшаган тимсоҳнинг янги тури аниқланди. Унга Herugavialis cairensis номи берилди. Бу ҳақда "Royal Society Open Science" журналида чоп этилган тадқиқотда маълум қилинди.

Қайд этилишича, янги турга тегишли қазилма қолдиқлар Миср шимолидаги Мокаттам қатламидан топилган. Тахминан 45 млн йил аввал бу ҳудуд саёз денгиз бўлган. У ерда балиқлар, акулалар ва дастлабки китлар каби қадимги денгиз ҳайвонларининг кўплаб қолдиқлари сақланиб қолган.

Мокаттам қатламидаги оҳактошдан кейинчалик қадимги мисрликлар Буюк Сфинкс ва Гиза эҳромлари каби машҳур ёдгорликларни қуришда фойдаланган.

Тадқиқотчилар ўрганган асосий топилмалардан бири деярли тўлиқ сақланган тимсоҳ бош суяги бўлган. У 1920-йилларда топилган. Бироқ бош суягининг тумшуқ қисми учи йўқолган. Олимлар бу жиҳатни бурни йўқ бўлган Буюк Сфинкс билан ўхшаш деб ҳисоблаган.

Шу ўхшашлик сабабли янги уруғга қадимги Миср худоларидан бири Хорус номи асосида Herugavialis деб ном берилган.

Қолдиқлар дастлаб, 1927 йилда, ҳозирги сохта гавиалга ўхшашлиги сабабли Tomistoma cairense сифатида таснифланган. Янги тадқиқот давомида эса олимлар қазилмаларни эволюцион таҳлил ва компьютер томографияси ёрдамида қайта текширган. Натижада мазкур ҳайвон Tomistoma уруғига мансуб эмаслиги аниқланган.

«Herugavialis cairensis 66 млн йилдан 23 млн йил аввалгача бўлган даврда Ўрта ер денгизи ҳудудида яшаган гавиалларнинг олтинчи туридир. Биз ҳали аниқламаган бошқа турлар ҳам бўлиши мумкин», — деган тадқиқот муаллифларидан бири, палеонтолог Пол Берк.

Herugavialis узун ва ингичка тумшуққа эга бўлган. Унинг ўткир тишлари балиқ тутишга мослашган. Олимлар мазкур тимсоҳ Мокаттам ҳудудида яшаган балиқлар билан озиқланган, деб ҳисоблайди.

Шунингдек, унинг кўзлари ҳозирги ҳинд гавиалидаги каби бош суягидан бироз бўртиб турган бўлиши мумкин. Бу унинг ярим сувда яшовчи йиртқич бўлганидан далолат беради.

Ҳозирги кунда гавиалларнинг атиги икки тури мавжуд. Улардан бири Ҳиндистон яриморолида яшайдиган ҳинд гавиали бўлса, иккинчиси Жануби-Шарқий Осиёда учрайдиган сохта гавиалдир. Бироқ гавиалларнинг қадимги вакиллари қолдиқлари Буюк Британия, Швеция, Италия, Миср ва Япония ҳудудларидан ҳам топилган.

Олимларнинг таъкидлашича, Буюк Сфинкс ва Гиза эҳромларидаги тошлар таркибида бошқа қадимий жонзотларнинг қолдиқлари ҳам бўлиши мумкин. Мутахассислар Мокаттам қатламидан топилган қазилмалар қадимги Миср ҳудудида миллионлаб йиллар аввал мавжуд бўлган бой денгиз экотизими ҳақида муҳим маълумот бериши мумкинлигини айтмоқда.

Тадқиқотчилар қарийб бир аср аввал топилган қазилманинг қайта ўрганилиши музейларда сақланаётган эски палеонтологик коллекцияларни яна бир бор текшириш муҳимлигини кўрсатганини қайд этган.

    Бошқа янгиликлар

    Мисрда 45 млн йил аввал яшаган тимсоҳнинг янги тури аниқланди - Darakchi.uz