АсосийБУ ҚИЗИҚ

Ўзбекистонда саноат ишлаб чиқариши 7 фоизга кўпайди

2025 йилда Ўзбекистонда саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 1 163,2 трлн сўмни ташкил этиб, 2024 йилга нисбатан 6,8 фоизга ўсди.

'Ўзбекистонда саноат ишлаб чиқариши 7 фоизга кўпайди'ning rasmi

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази Ўзбекистон саноатининг 2024–2025 йиллардаги ривожланиш кўрсаткичларини таҳлил қилди. Унга кўра, 2025 йилда ишлаб чиқариш ҳажми, саноат корхоналари сони ва соҳада банд аҳоли сони ошган.

2025 йилда Ўзбекистонда саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 1 163,2 триллион сўмни ташкил этди. 2024 йилда бу кўрсаткич 958,1 триллион сўм бўлган. Ишлаб чиқаришнинг реал ўсиш суръати 6,8 фоизга етди.

Саноат корхоналари сони йил давомида 7 фоизга кўпайиб, 59,5 мингтага етди. Бу қарийб 3,9 мингта корхонага кўп демакдир.

Саноатда 1,89 миллион киши банд

2025 йилда саноат тармоғида банд аҳоли сони 1,89 миллион нафарни ташкил қилди. Бу 2024 йилга нисбатан 160,5 минг нафар ёки 9,3 фоизга кўп.

Шу тариқа, бандликнинг ўсиш суръати ишлаб чиқаришнинг реал ўсиш суръатидан юқори бўлди.

Қайта ишлаш саноати етакчилик қилмоқда

2025 йилда жами саноат маҳсулотларининг 84,5 фоизи қайта ишлаш саноати ҳиссасига тўғри келди. Электр, газ таъминоти ва ҳавони кондициялаш соҳасининг улуши 8,4 фоиз, тоғ-кон саноатиники 6,6 фоиз, сув таъминоти, канализация ва чиқиндиларни бошқариш соҳасиники эса 0,5 фоиз бўлди.

Фаолият юритаётган саноат корхоналарининг 92,7 фоизи қайта ишлаш саноатига тўғри келди. Шунингдек, саноатда банд бўлганларнинг 89,9 фоизи ушбу тармоқда меҳнат қилган.

Умуман, 2025 йил якунлари Ўзбекистон саноатида ишлаб чиқариш ҳажми, корхоналар сони ва бандлик ўсганини кўрсатди.

    Бошқа янгиликлар