Ўзгидромет 12–16 октябрь кунлари учун об-ҳаво прогнозини эълон қилди. Ҳафта бошида айрим ҳудудларда ёмғир ёғиши, 14–16 октябрь кунлари эса республика бўйлаб ёғингарчилик кутилмаётгани маълум қилинди.
Бугун, 12 октябрь куни Ўзбекистон ҳудудида ҳаво ўзгарувчан бўлади, айрим жойларда ёмғир ёғади. Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида ёғингарчилик кутилмайди. Ҳарорат асосан 18–21 даража, шимол ва жанубда эса 23–26 даража бўлади.
13 октябрь куни Самарқанд, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида, шунингдек, Фарғона водийси ҳудудларида кечаси ва эрталаб ёмғир ёғиши мумкин.
14–16 октябрь кунлари республика бўйлаб ёғингарчилик кутилмайди. Кундузги ҳарорат 22–25 даража, жанубда эса 27–30 даражагача кўтарилади. Шамол 7–12 м/с тезликда эсади.
Тоғолди ва тоғли ҳудудларда вақти-вақти билан ёмғир ёғади, 12–13 октябрь кунлари ёғингарчилик кучли бўлиши мумкин. Баланд тоғларда ёмғир ва қор кузатилади. Шунингдек, тоғолди ва тоғли ҳудудларда сел-сув тошқинлари юзага келиши эҳтимоли бор.
Тошкент шаҳрида бугун кундузи вақти-вақти билан ёмғир ёғади. Ҳарорат 19–21 даража бўлади. 13–16 октябрь кунлари ёғингарчилик кутилмайди. Ҳарорат кечалари 12–15 даража, кундуз кунлари эса 22–25 даражани ташкил этади. Шамол шарқдан 3–8 м/с тезликда эсади.
Аввалроқ Ўзгидромет 13–14 октябрь кунлари кутилаётган ёмғирлар сабабли республика тоғолди ва тоғли ҳудудларида сел-сув тошқинлари юзага келиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирган эди.






