Дунёда ўта қашшоқликда яшаётганлар сони бир йилда 51,5 миллион нафарга кўпайиб, 1,2 миллиард нафарга етди. Бу ҳақда БМТ Тараққиёт дастури (UNDP) маълум қилди.
Қайд этилишича, бу ҳақда UNDP ҳамда Оксфорд университетининг Қашшоқлик ва инсон тараққиёти ташаббуси тадқиқот маркази томонидан тайёрланган жорий йилги ҳисоботда сўз боради.
БМТ Тараққиёт дастури раҳбари Александр Де Кру қашшоқликнинг ортиб боришини дунё учун жиддий огоҳлантириш деб атаган. Унинг таъкидлашича, 1,2 миллиард киши бир вақтнинг ўзида очлик, таълим олиш имкониятларининг чеклангани, тоза ичимлик суви ва электр энергияси етишмаслиги каби муаммоларга дуч келмоқда. Ҳисоботга кўра, ўта қашшоқликда яшаётганларнинг ярмидан кўпини болалар ташкил этади.
Шу билан бирга, UNDP қашшоқликда яшаётганлар сонининг ортишига аҳоли сони кўпайиши ҳам таъсир қилганини билдирган. Ҳисобот 108 та ривожланаётган давлатни қамраб олган бўлса-да, уларнинг фақат 13 таси бўйича янги маълумотлар мавжуд.
Ҳисоботда ижобий натижалар ҳам қайд этилган. Сўнгги 15 йил ичида 33 та давлатда индекс мезонлари бўйича қашшоқликда яшаётган аҳоли улуши икки баравар камайган. Улар орасида Хитой ва Вьетнам ҳам бор.
Бироқ қашшоқликда яшаётганларнинг асосий қисми ҳануз Саҳрои Кабирдан жанубдаги Африка давлатлари ҳамда Жанубий Осиё ҳиссасига тўғри келади.
Шунингдек, Миср, Непал ва Тожикистонда кўп ўлчовли қашшоқлик даражаси ҳам, ундан азият чекаётганлар сони ҳам сезиларли камайган. Ангола ва Замбияда эса қашшоқлик даражаси пасайганига қарамай, аҳоли сонининг тез ўсиши туфайли қашшоқликда яшаётганлар сони кўпайган.






