Дунё бўйлаб ҳар йили қарийб 1 миллиард бола зўравонликнинг турли шаклларига дуч келади. Ҳар беш дақиқада эса улардан бири зўравонлик оқибатида вафот этади. Бу ҳақда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг (ЖССТ) Шарқий Ўрта ер денгизи минтақавий бюросига таяниб, ТАСС хабар берди.
ЖССТ маълумотларига кўра, болалар жисмоний, жинсий ва руҳий зўравонликка учрайди. Бу эса уларнинг жисмоний ва руҳий саломатлигига узоқ муддатли зарар етказиши мумкин.
"Ҳар беш дақиқада зўравонлик оқибатида бир бола ҳаётдан кўз юмади. Болалар ўлимининг ва уларга нисбатан зўравонликнинг барча шакллари келтириб чиқарадиган узоқ муддатли зарарнинг олдини олиш мумкин", — дейилади минтақавий бюро баёнотида.
Бюро Покистонда 2026–2031 йилларга мўлжалланган болаларга нисбатан зўравонликка барҳам бериш бўйича миллий стратегияга эътибор қаратди. Стратегия мамлакатда яшаётган 120 миллион болани ҳимоя қилиш ва профилактика чораларини кучайтиришга қаратилган.
Маълум қилинишича, Покистондаги болаларнинг қарийб 80 фоизи тарбия жараёнида зўравонлик усулларига дуч келади. Интернетдан фойдаланувчи 12–17 ёшли ҳар 16 нафар ўсмирдан бири рақамли технологиялар орқали эксплуатация ёки шафқатсиз муносабат қурбонига айланади.
Шунингдек, мамлакатда 8,6 миллион бола меҳнатга жалб қилинган. Беш ёшгача бўлган болаларнинг 57 фоиздан ортиғи эса фуқароликни қайд этиш органларида рўйхатдан ўтмаган. Бу ҳолат уларнинг зўравонликка дуч келиш хавфини ошириши, ҳимоя ва асосий хизматлардан фойдаланиш имкониятларини чеклаши мумкин.
Миллий стратегиянинг мақсади — ҳар бир боланинг ижтимоий ёки иқтисодий ҳолатидан қатъи назар, профилактика, ҳимоя, тикланиш, жамиятга қайта интеграциялашув ва адолатли тизимни мустаҳкамлашдан иборат.
"Покистон болаларга нисбатан зўравонликнинг барча шаклларига барҳам бериш бўйича ўз мажбуриятларини бажаришда ЖССТ ёрдамига таяниши мумкин", — деди ташкилотнинг Покистондаги вакили Ло Дапен.
Ўзбекистонда болаларга нисбатан зўравонлик учун жазо кучайтирилди
Президент Шавкат Мирзиёев болаларга нисбатан зўравонлик учун жазони кучайтиришни назарда тутувчи қонунни имзолади. Ҳужжат билан бешта кодекс ва олтита қонунга ўзгартиришлар киритилади.
Қонунга кўра, 14 ёшга тўлмаган болаларга нисбатан содир этилган жинсий зўравонлик учун умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилган. Оғир жиноятлар бўйича жавобгарликка тортиш муддатига нисбатан чеклов ҳам белгиланмайди.






