АсосийБУ ҚИЗИҚ

Олтин нархи июль ойи ўрталаридан бери кузатилмаган даражагача арзонлашди

Қимматбаҳо металл ҳафталик ҳисобда қарийб 4 фоизга арзонлашди. Бу сўнгги тўрт ой ичидаги энг йирик ҳафталик пасайиш бўлди.

'Олтин нархи июль ойи ўрталаридан бери кузатилмаган даражагача арзонлашди'ning rasmi

Жаҳон бозорида олтиннинг бир трой унцияси нархи 3 975 долларгача пасайди. Бу 2026 йил июль ойи ўрталаридан буён қайд этилган энг паст кўрсаткич бўлди. Бу ҳақда Reuters хабар берди.

23 октябрь куни халқаро савдоларда олтин нархи кескин тушиб, 3 975,23 долларни ташкил этди. Кейинчалик қимматбаҳо металл нархи қисман тикланиб, 4 000,59 доллар атрофида шаклланди.

Олтин билан бир қаторда бошқа қимматбаҳо металлар ҳам арзонлашди. Жумладан, кумуш нархи 0,7 фоизга пасайиб, бир трой унцияси 54,17 долларга тенг бўлди. Платина ва палладий нархларида ҳам тушиш кузатилди.

Олтин нархининг пасайишига нефть қимматлашиши ва АҚШ Федерал захира тизими фоиз ставкаларини юқори даражада сақлаб қолиши мумкинлиги таъсир кўрсатмоқда.

Саудия Арабистонида ҳусийлар ҳужумлари ортидан энергия таъминотида узилишлар юзага келиши хавфи кучайди. Бу эса Brent русумли нефть нархининг сўнгги беш ойдаги энг юқори даражага кўтарилишига олиб келди.

Нефть нархининг ошиши инфляция босимини кучайтириши мумкин. Бу ҳолат АҚШ Федерал захира тизимининг пул-кредит сиёсатини юмшатиш имкониятларини чеклайди.

Бозор иштирокчилари ФЗТнинг 27–28 октябрь кунлари бўлиб ўтадиган йиғилишида асосий фоиз ставкасини ўзгаришсиз қолдириш эҳтимолини 92 фоиз, декабрь ойида эса ставкани ошириш эҳтимолини 83 фоиз деб баҳоламоқда. Юқори фоиз ставкалари фоиз даромади келтирмайдиган олтиннинг инвесторлар учун жозибадорлигини пасайтиради.

Бундан ташқари, АҚШ технологик компаниялари акциялари нархининг тушиши ҳам қимматбаҳо металлар бозорига босим ўтказмоқда. Айрим инвесторлар фонд бозоридаги йўқотишларини қоплаш учун олтин ва кумуш активларини сотмоқда.

Жаҳон бозорида олтин арзонлашиши Ўзбекистондаги олтин қуймалари нархида ҳам акс этмоқда. Марказий банк қуймаларни сотиш ва қайта сотиб олиш нархларини белгилашда халқаро бозордаги вазиятни ҳисобга олади. Нархлар бозор шароитига қараб кун давомида ҳам ўзгариши мумкин.

Марказий банк маълумотларига кўра, 22 октябрь куни 5 граммлик олтин қуймаси 9 миллион 6 минг сўмдан сотилган. 23 октябрда эса унинг нархи 8 миллион 979 минг сўмни ташкил этган. Шу тариқа, бир кунда қуйма нархи 27 минг сўмга арзонлашган.

100 граммлик олтин қуймаси ҳам 22 октябрдаги 180 миллион 124 минг сўмдан 23 октябрда 179 миллион 572 минг сўмга тушган.

Жаҳон бозорида олтин нархининг ўзгариши Ўзбекистоннинг расмий халқаро захиралари қийматига ҳам таъсир кўрсатади.

Марказий банк маълумотларига кўра, 2026 йил 1 октябрь ҳолатида мамлакатнинг халқаро захиралари сентябрь ойида 5,54 миллиард долларга ёки 7,69 фоизга камайиб, 66,58 миллиард долларни ташкил этган.

Захиралар қиймати пасайишининг асосий қисми олтинни қайта баҳолаш билан боғлиқ. Марказий банк ихтиёридаги олтин захираларининг қиймати 4,83 миллиард долларга ёки 7,46 фоизга камайиб, 60,08 миллиард долларга тушган.

Шу билан бирга, захиралардаги олтиннинг жисмоний ҳажми ошган. Август ойида 14,11 миллион трой унцияни ташкил этган олтин миқдори сентябрда 14,34 миллион трой унцияга етган.

    Бошқа янгиликлар