Ис гази рангсиз, ҳидсиз ва таъмсиз бўлиб, инсон ҳаёти учун жиддий хавф туғдиради. Ундан заҳарланишнинг олдини олиш учун иситиш ускуналаридан тўғри фойдаланиш ва хавфсизлик қоидаларига риоя қилиш зарур.
Ис гази, яъни углерод оксиди ёқилғининг тўлиқ ёнмаслиги натижасида ҳосил бўлади. Носоз газ жиҳозлари, иситиш печлари, дудбурон ва мўриларнинг нотўғри ишлаши заҳарланишга олиб келиши мумкин. Шунингдек, автомобиль двигатели ёки кўчма генераторни ёпиқ жойда ишлатиш ҳам хавфли ҳисобланади.
Ис газидан заҳарланишнинг дастлабки белгилари бош оғриғи, бош айланиши, ҳолсизлик, кўнгил айниши, қусиш, нафас қисиши ва кўкрак соҳасидаги оғриқ билан намоён бўлиши мумкин. Оғир ҳолатларда эса инсон ҳушидан кетиши, онги чалкашиши ва тиришиш кузатилиши эҳтимоли бор.
Заҳарланишнинг олдини олиш учун нима қилиш керак?
Иситиш мавсуми бошланишидан олдин газ жиҳозлари, иситиш ускуналари, сув иситкичлар, мўри ва дудбуронларни мутахассисларга текширтириш лозим. Шунингдек, хонада ҳаво алмашинуви ва шамоллатиш тизимининг созлигини таъминлаш, мўри ҳамда вентиляция йўлларини беркитиб қўймаслик керак.
Кўчма генератор, барбекю ва кўмир ёқиладиган мосламалардан уй, гараж ёки бошқа ёпиқ жойларда фойдаланиш мумкин эмас. Автомобиль двигателини ҳам ёпиқ гаражда ишлаб турган ҳолда қолдириш хавфли. Газ плитаси ёки духовкадан хонани иситиш мақсадида фойдаланиш ҳам тавсия этилмайди.
Мутахассислар уйга, айниқса, ётоқхоналар яқинига ис газини аниқловчи махсус сигнализаторлар ўрнатишни тавсия қилади. Уларнинг созлигини мунтазам текшириб туриш ҳам муҳим.
Ис газидан заҳарланиш гумон қилинса, барча одамларни, жумладан, болалар ва кексаларни хавфли ҳудуддан олиб чиқиб, тоза ҳавога олиб бориш зарур. Шундан сўнг зудлик билан 103 ёки 112 рақами орқали тегишли хизматларга мурожаат қилиш лозим.
Жабрланган шахсни, аломатлар енгиллашган тақдирда ҳам, шифокор кўригидан ўтказиш керак. Мутахассислар бино хавфсизлигини тасдиқламагунича унга қайта кирмаслик тавсия этилади.
Ис газининг ҳиди ва ранги йўқлиги сабабли уни сезги органлари орқали аниқлаш қийин. Шу боис хавфсизлик қоидаларига амал қилиш ва эҳтиёт чораларини кўриш инсон ҳаётини сақлаб қолишда муҳим аҳамиятга эга.






