Бугун, 26 октябрь куни футбол оламидаги энг нуфузли индивидуал мукофотлардан бири — "Олтин тўп"нинг 2026 йилги тақдирлаш маросими бўлиб ўтади. Тантанали тадбир Лондон шаҳридаги "London Palladium" театрида ташкил этилади.
Жорий йилги маросимнинг аҳамияти шундаки, "Олтин тўп" мукофотига асос солинганига 70 йил тўлди. 1956 йилда "France Football" журнали томонидан таъсис этилган мукофот тарихида тақдирлаш маросими илк бор Буюк Британия пойтахтида ўтказилади. Лондоннинг танланишига совриннинг биринчи соҳиби, англиялик футболчи сэр Стэнли Мэттьюс билан боғлиқ тарихий омил ҳам сабаб бўлган.
Тантанали маросимни Франция терма жамоасининг собиқ ҳужумчиси Тьерри Анри олиб боради. Тошкент вақти билан қизил гилам маросими соат 23:00 да бошланиши, асосий тақдирлаш маросими эса 27 октябрь куни соат 01:00 да ўтказилиши режалаштирилган.
Кеча давомида эркаклар ва аёллар ўртасидаги "Олтин тўп" соҳиблари, энг яхши ёш футболчилар, дарвозабонлар, мураббийлар ва клублар аниқланади. Шунингдек, йилнинг энг яхши ҳужумчиларига бериладиган мукофотлар ҳам топширилади.
Эслатиб ўтамиз, 2025 йилги "Олтин тўп" мукофоти эркаклар ўртасида Франция терма жамоаси ва "Пари Сен-Жермен" ҳужумчиси Усмон Дембелега, аёллар ўртасида эса "Барселона" футболчиси Айтана Бонматига насиб этган эди. Бугун уларнинг ўрнини кимлар эгаллаши маълум бўлади.






