АсосийЖАМИЯТ

Нилуфар Ҳамидова судда нима деди?

Актриса Нилуфар Ҳамидова ижтимоий тармоқларда тарқалган баҳсли видеолари сабаб суд олдида жавоб берди.

'Нилуфар Ҳамидова судда нима деди?'ning rasmi

Ижтимоий тармоқлардаги баҳсли видеолари билан жамоатчилик муҳокамасига сабаб бўлган актриса Нилуфар Ҳамидова 7 суткага маъмурий қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Унинг иши 5 ноябрь куни жиноят ишлари бўйича Юнусобод туман судида кўриб чиқилди. Бу ҳақда “Millar” дастурида хабар берилди.

Судда актриса иштирокидаги видеолар, уларнинг жамоатчиликка таъсири ва келгусида қандай контент тайёрлаши ҳақида саволлар берилди.

Ҳамидова ўз видеоларини сарказм жанрида тайёрлаганини, бироқ жамият бундай контентни қабул қилишга ҳали тайёр эмаслигини энди англаганини айтди.

“Аслида, контентларимнинг 60 фоизи шундай. Қолган 40 фоизида эса оилам, Ватаним, фарзандларим ва санъат соҳасига оид материаллар ҳам бор. Сарказм жанрида ижод қилганмиз, лекин халқимиз бунга ҳали тайёр эмаслигини билдим”, — деди у.

Судья актрисадан унинг ижтимоий тармоқлардаги чиқишлари фарзандлари ва келажак авлодга қандай таъсир кўрсатиши ҳақида ҳам сўради.

Ҳамидова бундан кейин контентларини ўзгартиришини, бошқа услубдаги видеолар тайёрлашини билдирди. Шунингдек, қилмишидан афсусда эканини айтди.

Суд қарорига кўра, Нилуфар Ҳамидова Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 183-моддасида назарда тутилган майда безорилик ҳуқуқбузарлигини содир этган деб топилди. Унга 7 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.

Шунингдек, судда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 46¹-моддаси билан юритилган иш ҳуқуқбузарлик аломатлари мавжуд эмаслиги сабабли тугатилгани маълум қилинди.

Суд қарори эълон қилингач, Ҳамидова суд залидан қамоққа олинди.

    Бошқа янгиликлар